Илм – нур, қалбга сурур

Муқаддас Қуръони карим ва ҳадиси шарифларда илм ва уламолар олий мақомга қўйилган. Пайғамбаримиз Муҳаммад (соллоллоҳу алайҳи васаллам): «Илм талаб қилиш ҳар бир мусулмон эркак ва аёлга фарз», деганлар. Бошқа бир ҳадисда: «Илмни, гарчи Чин (Хитой)да бўлса ҳам талаб қилинглар», дейилади.

Мусулмон олимлари ўз ҳаётларида Қуръон ва суннат таълимотларига амал қилиб, илм нурини бутун оламга тарқатганлар. Аллоҳга ҳамду-санолар бўлсинки, бу анъана ҳозирги кунимизда ҳам давом этмоқда. Ёшу қари, эркагу аёл бешикдан то қабргача илм талаб қилишни ўзи учун фарз эканини тўла ҳис қилган ҳолда умр бўйи ўзини толиби илм ҳисоблаб яшаган.

Ислом нуридан баҳраманд бўлган ҳар бир юрт, ҳар бир ўлкада илм-фан, маърифат ва маданият гуллаб яшнаган. Илмнинг ҳар бир соҳасида оламшумул кашфиётлар қилинган, етук уламолар етишиб чиққан. Бу борада диёримиздан чиққан ал-Форобий, Ибн Сино, ал-Фарғоний, ал-Бухорий ва Мирзо Улуғбек каби уламоларни эслашнинг ўзи кифоя. Уларнинг оламшумул илмий меросларидан ҳозирги кунгача фойдаланиб келинмоқда.

Демак, динимизда илм олиш фарз ҳисобланиб, илм билан машғул бўлиш эса ибодат қилиш демакдир.  Илм олишнинг фазилатлари, унга бериладиган ажру савобларнинг катталиги, олимлар мартабасининг улуғлиги ҳақида жуда кўп оят ва ҳадислар ворид бўлган. Масалан, Аллоҳ таоло Мужодала сурасини 11-оятида: “Аллоҳ сизлардан имон келтирган ва илм ато этилган зотларни (баланд) даража (мартаба)ларга кўтарур”, – деб хабар беради.

Яна Аллоҳ таоло Зумар сураси 9-оятида:  «Айтгил, Эй Муҳаммад! Илмлилар билан илмсизлар тенг бўла оладиларми?», дея марҳамат қилади.

Ривоятларда келадики, қадимда бир подшоҳ бўлиб, унинг ҳузурига бир йигитни олиб келдилар. Олиб келганлар йигитнинг ажойиб ҳунари борлигини айтдилар. Шунда подшоҳ сўради: Эй йигит, қандай ҳунаринг бор?. Йигит игнани отиб, кўзидан ипни ўтказишини айтди.  Ҳамма йиғилди. Йигит игнани отиб кўзидан ипни ўтказди. Йиғилганлар таажжубдан лол қолишди. Шунда подшоҳ йигитга қараб: Шу ишга қанча вақт умрингни кетказдинг? – деди. Йигит ўн йил умрини шу ишга бағишлаганини айтди. Шунда подшоҳ: Бу йигитга ўн танга беринглар ва ўн дарра уринглар, деди. Одамлар ҳайрон бўлиб нима учун ўн дарра урилишини сўрадилар. Подшоҳ шундай жавоб берди: Бу йигит ўн йил умрини илму маърифатга бағишлаганда ўзи учун ҳам, бошқалар учун ҳам фойдали бўлар эди.

Хулоса ўрнида, биз ота-оналар фарзандларимизни илму ҳунар ўрганишга қизиқтириб, вақтларини бекорчи амаллар билан зое қилмасликларини таъминлашимиз лозим.

Бахромжон Бегалиев

Сайхунобод тумани Пахтакор

жоме масжиди имом-хатиби

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan