Гиёҳвандлик балоси – аср вабоси!

Маълумки, ер юзи бўйлаб гиёҳвандлик балоси асримиз вабоси сифатида тез суръатлар билан кенг миқёсда тарқалиб бормоқда.

Гиёҳвандликнинг жисмоний ва маънавий зарарлари тўғрисида дунё оммавий ахборот воситалари орқали кўпдан-кўп маълумотлар берилди, унга бағишлаб кўп мамлакатларда, шу жумладан Ўзбекистонда ҳам қатор халқаро анжуманлар ўтказилди, гиёҳвандликка қарши чора тадбирлар кўриш мақсадида кўплаб маҳаллий ва халқаро ташкилотлар таъсис этилди. Лекин, афсуски, бу бало ва офат манбаи ҳануз ўз ишини қилиб келмоқда.

Ислом дини барча кўрсатмалари одамлар орасида ўзаро меҳр-муҳаббат инсоф-адолат, эзгулик, одоб-ахлоқ ҳамкорликни ўрнатиш ва мустаҳкамлашга қаратилган. Шу сабабдан шариат инсонни жамият равнақига ўз ҳиссасининг қўшишга катта эътибор беради. Афсуски, ҳозирги кунда бутун ер юзи бўйлаб “гиёҳвандлик балоси – аср вабоси” сифатида кенг тарқалиб бормоқдаки, гиёҳвандлик шариат асосларига хилоф бўлгани учун инсоннинг имони ва динига зиён етказади. Аллоҳ таоло Қуръони каримда Пайғамбаримиз (алайҳиссалом)ни бутун башариятга Ўзи тарафидан элчи қилиб юборишининг қатор сабабларидан бири сифатида тоза пок нарсаларнинг ҳалоллиги ва нопок, зарарли нарсаларнинг ҳаромлигини умматларига билдириш эканини шундай баён этади:

 “… У (пайғамбар) уларни яхшиликка буюради, ёмонликдан қайтаради ва пок нарсаларни ҳалол қилиб, нопок нарсаларни уларга ҳаром қилади…”.

Динимиз ҳалол қилиб берилган нарса покдир. Покиза ризқ топиш учун ҳаракат қилиш эса ибодат даражасидадир. Агар бунинг акси, бўлса ўша нарса ҳаром ва унинг истеъмол қилган кишилар гуноҳкор бўлади. Дарҳақиқат, инсонга зарар келтирувчи нарсалардан айниқса энг улуғ неъмат саналмиш ақлни кетказувчи, баданни бўшаштирувчи ва сусайтирувчи нарса динимизда ҳаром қилинган. Шунингдек, у инсон соғлиғини кетишига ёки унинг ҳалокатига сабаб бўлувчи воситалардан сақланиш унга фойдадир. Саҳобалардан ривоят қилинган ҳадиси шарифда шундай дейилади:

“Пайғамбар (алайҳиссалом) ҳар қандай маст қилувчи, баданни бўшаштирувчи ва сусайтиррувчи нарсаларни истеъмол қилишдан қайтардилар”.

 Бу ҳадис билан истеъмол қилганда танани, бўшаштирувчи ва ақлни кетказувчи ҳар қандай нарса ҳаром бўлади. Ҳудди шу ҳадисда зикр қилинган бўшаштирувчилик сифати ажнабий тилларда наркотик деб номланган гиёҳвандлик моддаларининг васфидир. Бошқа бир ҳадисда:

 “Ҳар бир маст қилувчи нарса хамрдир ва ҳар қандай хамр ҳаромдир”.

Бу ҳадис билан ҳам гиёҳвандликнинг ҳар қандай кўриниши ҳаром ҳисобланади. Шунга кўра маст қилувчи ичимликларнинг ҳукми, зарарлари, оқибатлари ҳақидаги барча оят ва ҳадислар ҳам гиёҳванд моддаларга тегишлидир. Гиёҳвандлик эса, охири ўлимга олиб келади. Бу нарсаларни истеъмол қилиш билан ўз жонига ўзи қасд қилган бўлади. Бу эса гуноҳи кабирадир. Пайғамбаримиз (сав) марҳамат қиладиларки:

Бу аср вабосидан авлодларимизни асраш йўлида мамлакатимизда ҳам жуда кўп ишлар амалга оширилмоқда. Ҳукуматимизнинг бу соҳадаги кўраётган чора-тадбирларидан ташқари маҳаллий ахборот воситалари орқали ҳам унинг зарарли оқибатлари тўғрисида халқимизни огоҳлантириб борилмоқда. Ҳар йили 26 июнь кунини гиёҳвандликка қарши кураш куни сифатида белгиланганлиги ҳам шу хусусда қилинаётган хайрли ишлардан саналади.

Гиёҳвандликка қарши кураш ҳаммамизнинг бурчимиздир. Бу қабиҳ ишни билгач, ўзини оиласини, яқинларини бутун инсониятни ва келажак авлодларни ўйлаган ҳар бир киши гиёҳвандликка қарши курашда фаол бўлиши зарур.

Гиёҳвандлик офатидан халқимизни ва келажак авлодни халос этиш ва уларни моддий ҳамда маънавий баркамоллик сари йўналтиришдек умумбашарий хайрли ишларимизда Аллоҳнинг ўзи ҳаммаларимизга мададкор бўлсин!

Сайхунобод  тумани Абдуолим ота жоме
масжид имом ноиби Латиф Дадахонов

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan