Барча динларда эзгулик, яхшиликка чақириш ва ёмонликдан қайтариш бор. Ислом динида ҳам айнан яхшилик қилишга ва ёмонликлардан узоқ бўлишга, қўни-қўшнилар, қариндошлар билан яхши муомалада бўлишга ва бошқа дин вакиллари билан хам чиройли алоқада бўлишга, яъни бағрикенгликка чақирилади.
Ислом дини ўзининг илк давридаёқ бағрикенглик дини сифатида намоён бўлди. Жаҳон динларининг ичида фақат Исломда эътиқод эркинлиги очиқ-ойдин эълон қилинган.
Диний бағрикенглик турли дин вакиллари эътиқодидаги мавжуд ақидавий фарқлардан қатъи назар уларнинг ёнма-ён, ўзаро тинч-тотув яшашини англатади. Ҳар ким ўз эътиқодига амал қилишда эркин бўлгани ҳолда бу ҳуқуққа бошқалар ҳам эга эканлигини эътироф этмоғи лозим.
Қуръон оятларини, ҳадиси шарифларни синчиклаб ўрганиб чиқсак, бирор жойида инсонларга нисбатан ёмон муносабатда бўлишдан, гарчи улар мусулмон бўлмасалар ҳам уларга зулм қилишдан қайтарилган. Шу билан бир қаторда барча дин вакилларини ҳурмат қилишга уларга адоват қилмасликка буюради.
Демак хар бир мусулмоннинг бошқа дин вакиллари билан бўладиган алоқаси ҳам ўз диний таълимотлари асосида бўлиши лозим. Бу алоқаларни Қуръон ва Расулуллоҳ соллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари ва сийратларидан ўргансак бўлади.
Ислом дини самовий динларни барчасини асли бир, ҳаммаси Аллоҳ таоло томонидан, деб эълон қилди. Аллоҳ таоло шундай дейди:
“У зот сизларга дин этиб Ўзи Нуҳга васият қилган ва сенга (эй Муҳаммад) ваҳий қилган нарсамизни ҳамда Иброҳим, Мусо ва Ийсога васият қилган нарсамизни баён қилди. «Динни барпо қилингиз ва унда тафриқага тушмангиз», деди. Мушрикларга сен уларни даъват қилган нарса оғир келди. Аллоҳ Ўзи хоҳлаган кишисини (Пайғамбарликка) танлаб олур ва У Ўзигагина илтижо этгувчи кишини ҳидоят қилур. (Шууро,13 оят).
Динимизда мусулмон киши бошқа диндагиларга ёмонлик қилмаслиги, улар билан яхши муомалада бўлиши, яхши қўшничилик қилиши, зиёфатга чақириши ва улар билан яхши алоқада бўлиши мумкинлиги кўрсатиб ўтилган.
Аллоҳ таоло шундай дейди: “Аллоҳ сизларни уруш қилмаган ва диёрларингиздан қувиб чиқармаганларга яхшилик ва адолат қилишдан қайтармас. Албатта, Аллоҳ адолат қилувчиларни яхши кўради”(Мумтаҳана,8-оят).
Бу оятдан маълум бўлмоқдаки, бошқа миллат ва дин вакиллари мусулмонларга уруш қилмаса ёки сиқувга олиб диёридан хайдаб чиқармаса ёки ибодатларига монеълик қилмаса, улар билан яхши муоалада бўлишга ва уларга нисбатан адолатли бўлишга таъкид бўлмоқда. Ушбу оят Ислом дини нақадар инсонпарвар ва бағрикенг дин эканлигини билдиради.
Насоий ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: “Ким аҳли зиммадан бир кишини ўлдирса, жаннатни ҳидини ҳам ҳидламайди, унинг ҳиди етмиш йиллик масофадан келиб туради”.
Абу Довуд ривоят қилган ҳадисда эса Расулуллоҳ солллоҳу алайҳи васаллам “Ким бир ғайридин кишига зулм қилса ёки унинг ҳаққини поймол қилса ёҳуд уни тоқатидан ошиғига мажбур қилса ёки ундан ўз розилигисиз бир наса олса, қиёмат куни мен уни хусуматчиси бўламан”-дедилар.
Кўриниб турибдики, динимиз нақадар бағрикенг ва бошқа дин вакиллари билан қандай муомалада бўлишни ўргатиб турибди. Бундан ташқари бошқа дин вакилларидан ҳадялар олиш ва уларга ҳадялар бериш мумкинлигини Расулуллоҳни ҳудди шу ишларда ўзлари пешқадам эканликларидан билсак бўлади. Тарихдан биламизки Расулуллоҳ бошқа дин вакилларидан ҳадя олганлар ва уларга ҳадялар берганлар, ҳатто Ҳабашистондан келган меҳмонларни ўзлари кутиб олиб ўзлари хизмат қилганлар, шунингдек, у зот алайҳиссалом Нажрон насороларини ҳам ўзларини масжидларига тушурганлар ва ибодат қилишларига рухсат берганлар.
Республикамизда хозирги кунда ислом билан бир қаторда 16 диний конфессия эмин-эркин фаолият кўрсатмоқда. Фуқароларнинг миллати, ирқи, динидан қатъи назар барча учун тенг ҳуқуқлар Қонун орқали кафолатланган.
Ҳамма дин вакиллари бир бирлари билан хамжиҳатликда, тотувликда ва бир бирларига нисбатан яхши муомалада яшаб келмоқда.
Яна Расулуллоҳдан қўшничилик ҳақлари ҳақидаги ҳадисларда айнан мусулмон бўлмаган қўшнининг ҳам ҳаққи борлиги айтилган.
Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, Ислом дини хеч қачон, у ҳоҳ мусулмон, ҳоҳ мусулмон бўлмасин, инсонни камситиш, ҳақорат қилиш, миллатчилик ёки тарафкашлик қилишга буюрмайди. Балки, бағрикенгликка, хушмуомалаликка ва доимо тинч тотув ва бирдамликда яшашга чақиради.
Муроджон МИРСОАТОВ
Сирдаё тумани “Аҳмад Яссавий”
жоме масжиди имом хатиби