Тил хар бир миллатнинг улкан бойлиги, бебаҳо мулки ҳисобланади. Инсонларга берилган энг олий неъматлардан бири, бу шубҳасиз тилдир. Аллоҳ таолонинг Каломини ҳам биз айнан тилимиз орқали қироат қиламиз. Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг “Балад” сураси 9-оятида: “(Биз инсонга) тил ва икки лабни (бермадикми)?”.
Миллий тил – миллат ўзлиги ва мустақиллигининг асосларидан биридир. 1989 йил 21 октябрь куни «Ўзбекистон Республикасининг Давлат тили тўғрисида»ги алоҳида қонуни қабул қилинди. Ҳар йили 21 октябрь юртимизда ўзбек тилига давлат тили мақоми берилган кун сифатида кенг нишонланади. Қонунга асосан энг муҳим қадриятлардан бири ҳисобланган тил қонун даражасида ҳуқуқий асосга эга бўлди. Бу қонун билан ўзбек миллатининг маънавиятини, руҳиятини, қадрини кўрсатадиган муҳим омил, яъни тилнинг мақоми ҳуқуқий мустаҳкамланди. Тил ҳар бир миллатнинг улкан бойлиги, беназир қадрияти ва бебаҳо мулки ҳисобланади. Ҳар бир халқ, ўзи ҳурмат ва эҳтиром қиладиган тилга эга. Тилда ана шу тилнинг ижодкори бўлган халқ, элатнинг тарихи ва маданияти акс этади. Айни замонда, тил ижтимоий тараққиётда улуғвор аҳамият касб этади. Тил – ҳар бир миллат ўзлигининг ажралмас белгисидир.
Ўзбек тили – Ўзбекистон Республикаси аҳолисининг кўпчилигини ташкил қилувчи ўзбек халқининг она тилидир. У Ўзбекистоннинг бирлиги, жамият жипслигининг муҳим омили ҳисобланади. Ўзбек халқининг, унинг миллий маданияти ва ўзига хослигини ифода этувчи восита бўлмиш ўзбек тилининг ҳар томонлама ривожланишини таъминлаш, мазкур тилнинг давлат тили мақомидек салоҳиятини изчил ва тўлиқ рўёбга чиқариш муҳим вазифадир.
Мамлакатимизда ўзбек адабий тилини ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бунинг натижасида ўзбек тили давлат тили, давлат рамзи, миллий маданият ва маънавиятни ифодаловчи ҳамда уларни келажак авлодга етказувчи муҳим мулоқот воситаси даражасига кўтарилди. Ўзбек тилининг халқаро миқёсдаги нуфузи ошиб, фаол мулоқот воситасига айланиб бормоқда. Турли даражадаги расмий учрашувлар, музокараларда тилимиз кенг қўлланилаётгани, хориждаги кўплаб университетлар, илмий муассасаларда ўзбек тили марказлари ташкил этилиб, уларда она тилимизни ўрганишга қизиқувчилар сафи тобора ортиб бормоқда.
Бугун, Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганига 30 йил тўлди. Аллоҳ таоло юртимизни, халқимимзни ва тилимизни ҳам обрўйини баланд қилсин. Аждодларимизнинг буюк меросларини она тилимизга таржима қилиб, халқимизга тақдим этишимизда Аллоҳ таолонинг Ўзи мададкор бўлсин!
Халилулло РАИМҚУЛОВ
Ховос тумани “Хизиробод”
жоме масжиди имом хатиби