Ойларнинг султони, баракаси улуғ ойнинг кўплаб фазилатларидан баҳраманд бўлиш учун солиҳ амалларни қилишга ҳаракат қилайлик. “Рамазон ойи – инсонлар учун ҳидоят (манбаи) бўлган Қуръон нозил қилинган ойдир” (Бақара сураси, 185-оят). Чин ихлос билан тутилган рўза сабабли гуноҳлар авф этилади. Бу борада, Расулуллоҳ (саллоллоҳу алайҳи васаллам) шундай деганлар: “Кимки бу ойда рўзанинг фарзлигига ишонган ва Аллоҳнинг розилигини истаган ҳолда рўза тутса, унинг гуноҳлари кечирилади” (Имом Бухорий ривояти).
Рўза тутиш инсон саломатлигига кони фойда бўлиши билан бирга, инсон у орқали ўз нафсини тарбиялайди. Нафси устидан ғолиб келиб, руҳи енгил тортади. Фақат рўза тутгувчигина бунинг руҳий лаззатини ҳис эта олади. Рўзада инсоннинг руҳи нафсини жиловлайди.
Рамазон ойи маънавий покланиш ва ахлоқни сайқаллаш ойи. Рўзадор киши ўзини нафақат еб-ичишдан, балки номаъқул гап-сўз ва ишлардан ҳам тиймоғи лозим. Афсуски, бу ҳақиқатни унутиб қўйиб, рўзадор бўлишига қарамай кун бўйи беҳуда, ёлғон ва ғийбат гап-сўзлар, номаъқул ишлар билан машғул бўладиган ёки одамлар билан талашиб-тортишадиганлар ҳам йўқ эмас. Ваҳолангки бундай ишлар рўзанинг савобини камайтиради. Пайғамбаримиз Муҳаммад (саллоллоҳу алайҳи васаллам) “Ким ёлғон гапиришни, унга амал қилишни тарк қилмаса, унинг рўза тутиб, ейиш ва ичишдан тийилишига Аллоҳ муҳтож эмас” – деганлар. Бошқа бир ҳадисда “Агар бирортангиз рўзадор бўлса, беҳаё сўзларни гапирмасин ва жоҳиллик ҳам қилмасин. Агар биров у билан сўкишмоқчи ёки урушмоқчи бўлса, “мен рўзадорман, мен рўзадорман”, десин” – дейилган.
Ҳар бир инсон яхши амалларни адо этар экан, унинг Аллоҳ ҳузурида қабул бўлишини умид қилади. Бунинг учун, аввало, ҳар бир амални ихлос билан бажариши лозим.
Рўзадорнинг одобларидан яна бири саҳарлик ва ифторлик қилишдир. “Саҳарлик қилинглар. Албатта саҳарликда барака бордир”, – дейилган ҳадисга риоя қилиб, эринмасдан доимо саҳарлик қилиб рўза тутишликка одатланиш лозим. Ифторлик бир қараганда кечки таомланишдек. Аммо шу оддий таомланиш рўзадор шахс учун буюк фазилатлар, хурсандчилик ва хайру барака омилига айлантирилган. Имом Бухорий келтирган ҳадисда шундай дейилади: “Рўзадорга икки хурсандлик бордир: бири ифторлик вақтида, иккинчиси эса охиратра Парвардигорга йўлиққан вақтда”.
Аллоҳ таоло тутаётган рўзаларимиз, қилаётган ибодат ва саховатларимизни даргоҳида қабул айласин!
Дилмурод домла Сулаймонов
Сирдарё вилояти Гулистон
тумани бош имом-хатиби