Илмнинг ёшлар ҳаётидаги ўрни

Ислом – илм-маърифат дини. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламга нозил қилинган дастлабки оятларда ўқишга буюрилишнинг ўзи ҳам бунинг ёрқин далилидир. Аллоҳ таоло илмни Қиёмат кунига қадар бандалар учун маърифатга эришиш, ҳақиқатни топиш, икки дунё саодатига эришиш воситаси қилди. Буни теран англаган улуғ аждодларимиз илмда улкан муваффақиятларга эришдилар, асрлар мобайнида нафақат диний, балки дунёвий илмларда инсониятга устозлик қилдилар. Бу борада Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий, Бурҳониддин Марғиноний, Мирзо Улуғбек, Беруний, Муҳаммад Фарғоний, Абу Али ибн Сино каби уламолар меъросини ёдга олиш кифоя. Мусулмон уммати бугунги кунга қадар ушбу илм уммонидан баҳра олиб келмоқда.
Жоҳилликдан маърифат сари интилиш бу динимиз кўрсатмасидир. Қуръони каримда ҳам мусулмонлар барча нарсанинг ҳақиқатини билиш учун доимо илм пайида бўлишга чақирилади: «…“Роббим, илмимни зиёда қилгин”, дегин» (Тоҳа сураси, 114-оят).
Ислом дини мусулмонларга тараққиёт йўлида юришни фарз қилган, кишиларни илмга ундаган. Чунки инсон шахсиятини илмдан бошқа нарса тўғри йўлга сола олмайди, тараққиётга ҳам эриштира олмайди. Илмга қизиқтириш борасида Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: «Ким илм талаб қилиш йўлига юрса, Аллоҳ унга жаннат йўлини осон қилиб қўяди. Фаришталар толиби илмни қилаётган ишидан рози бўлган ҳолларида қанотларини ёзадилар. Олимга осмондагилар, ердагилар, ҳатто сувдаги балиқлар ҳам истиғфор айтишади. Олимнинг обиддан фазли худди ойнинг бошқа юлдузлардан фазлига ўхшайди. Олимлар анбиёларнинг меросхўрларидир. Анбиёлар динор ҳам, дирҳам ҳам мерос қолдирмаганлар. Улар илмни мерос қолдирганлар, холос. Ким ўшани олса, улуғ насибани олибди» (Имом Абу Довуд ва Имом Термизий ривоят қилишган).
Дунёда илм-фан шиддат билан ривожланмоқда, ҳар куни кашфиётлар қилинмоқда. Лекин шу кашфиётларнинг қанча қисми мусулмонлар ҳиссасига тўғри келмоқда? Афсуски, бу нисбат жуда кам бўлиб, бизни огоҳликка, илм-фан билан жиддийроқ шуғулланишга ундайди. Тарихда мусулмон олимлари дунё халқларига кўплаб кашфиётларни тақдим этганлар. Кашфиётларнинг кўпи аниқ фанларга тўғри келган, яъни математика, геометрия, астрономия, физика, кимё ҳамда тиббиёт фанлари ривожланган.
Бугунги кун ёшларига жуда кўп имкониятлар яратиб берилганига қарамай баъзи ёшларимиз бу имкониятлардан оқилона ва тўғри фойдаланишмаяпти. Ваҳолангки, ёшлик даврида вақтнинг қадрига ётиш, ундан унумли фойдаланиш лозим. Ҳасанул Басрий раҳматуллоҳи алайҳ: «Ёшликда ўрганилган илм тошга ўйилган нақш кабидир”, – деганлар.
Буюк тобеинлардан Алқама ибн Қайс раҳматуллоҳи алайҳ: “Ёш йигитлик давримда нимани ёдлаган бўлсам, гўё унга (ёдлаган нарсамга) вараққа қарагандай бўламан”. Яъни ёшликда ўрганган илмим шунчалик қалбимда ўрнашдики, уни бирор бир ёзилган қоғоздан ўқигандек айтишим мумкиин”, дер эканлар.
Шунингдек, баъзи оилаларда фарзанд тарбияси тўлиғича телевизор ёки телефон воситаларига топшириб қўйилган. Ҳар бир ота болалари тарбияси учун жавобгар эканини унутмаслигимиз ва охиратда бу ҳақда айнан ота сўралишини ёдимиздан чиқармаслигимиз керак.
Ёшлик даврининг эътиборга молик жиҳатлари жуда кўп. Ўспиринлик вақти инсон феъл-атвори ва руҳияти шаклланадиган асосий давр бўлиб, айни шу даврда уларга алоҳида аҳамият бериш лозимдир. Ёшлик инсоннинг ақлий ва жисмоний ривожланиш даври бўлиб, шу паллада уларни илмга ва касб-ҳунарга тарғиб қилиш лозим.

Охунжон Васиев
Сайхунобод тумани
бош имом-хатиби

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan