Хотира ва қадрлаш.

Ўтган йиллар давомида улуғ аждодлар хотирасини қадрлаш, мамлакат тараққиёти, юрт озодлиги йўлида жонбозлик кўрсатган фидойи юртдошларимиз руҳини шод этмоқ учун эзгу амалларга бел боғлашдек савоб юмуш дилимиздаги ёруғ ниятлардан бирига айланди.

Ўтганларни эслаш ва уларга истиғфор айтиш, қабрларини зиёрат қилиш ва уларнинг ҳақларига дуолар қилиш барчамизнинг инсоний бурчимиздир. Бу ҳақда Аллоҳ таоло марҳамат қилиб айтади:

“Улардан кейин(дунёга) келган зотлар айтурлар: Эй, Раббимиз! Ўзинг бизларни ва биздан илгари имон билан ўтганларни мағфират этгин ва қалбларимизда имон келтирган зотларга нисбатан гина пайдо қилмагин! Эй, Раббимиз! Албатта, Сен меҳрибон ва раҳмли зотдирсан!” (Ҳашр сураси 10-оят)

Албатта, биз ҳамиша марҳумларимизни ёдга олиб, уларнинг руҳларини шод қилиш учун савобли амалларни қиламиз, шу жумладан, Қуръони карим оятларидан тиловатлар қилиб, уларнинг руҳларига бағишлаймиз. Бундан ташқари, ўзимизнинг ўтиб кетган марҳум яқинларимизни доимо яхши сифатлар билан эслаш ҳам яхши амаллардандир. Бу ҳақда жуда кўп оят ва ҳадислар ворид бўлган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар: “Дунёдан ўтганларнинг яхши сифатларини эсланглар, уларнинг ёмон сифатларини айтишдан сақланинглар”.

Тарихдан маълумки, оталаримиз жуда кўп қийинчиликлар, машаққат ва етишмовчиликлар, уруш ва қатағон кулфатларини бошдан кечиришди. Ёш авлоднинг бахти шундаки, улар ҳозир ҳавас қилгулик бир замонда яшаб туришибди. шундай бўлгач, оталаримизнинг биз учун тер тўкиб ҳаракат қилаётганларини, қўлларидан келадиган барча яхшиликларни фақат фарзандларига аташларини яхши билишимиз, бунинг шукронаси учун уларга итоатда бўлишимиз, айтганларини қулоқ қоқмай бажаришимиз, отамиз чарчаган пайтда ва унга ёрдам керак бўлганида дарҳол кўмакка шошилишимиз, фарзандлик бурчини ўташга ҳамиша шай туришимиз лозим.

Жаннатмакон диёримиз истиқлолга эришган илк кунларданоқ нафақадаги кекса отахон ва онахонларга, ногирон ва муҳтожларга катта ғамхўрлик ва беминнат ёрдам кўрсатиб келинмоқда. Улар ҳаётини янада фаровон, кунларини шодмон қилиш учун ҳукуматимиз уларни ижтимоий ҳимоя қилиш ишини юксак даражага кўтарган. Қарияларимиз даволанишлари ёки соғлиқларини мустаҳкамлашлари, транспорт хизматидан фойдаланиш, коммунал тўловлар тўлаш каби соҳаларда алоҳида имтиёзларга эгадирлар. Буларнинг барчаси азиз юртимизнинг азиз дуогўйларига билдирилаётган катта ҳурмат-эътибор рамзи бўлса, иккинчи томондан уларнинг доимий қилаётган холис дуои хайрлари, Иншааллоҳ, юртимизни ва халқимизни турли бало-офатлардан сақлашга хизмат қилмоқда десак сира муболиға бўлмайди. Зеро, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қилганлар:

«Агар орангизда мункиллаган қариялар, ўтлаб юрган жонзотлар ва эмизикли чақалоқлар бўлмаганида эди, бошингизга балолар селдай оқиб келар эди».

Бу соҳада айниқса мамлакатимизда ибрат бўларли ишлар, гўзал тадбирлар амалга ошириляпти. Ўз навбатида бу инсон зотига, унинг муқаддас хотирасию умри давомида бажарган эзгу амалларига бўлган чексиз эҳтиром рамзидир. Давлатимиз кекса ёшдаги отахонларимиз, онахонларимиз ва барча нафақахўрларга ҳамиша катта эътибор кўрсатиб, кўп ғамхўрликлар қилиб келмоқда. Ҳукуматимиз уларнинг моддий фаровонликларини янада яхшилаш мақсадида бир қатор қарорлар қабул қилдики, бу нарса барчани чин дилдан хурсанд этди.

Аллоҳ таоло улуғ ёшдаги ота-оналаримизни Ўзининг ҳифзу ҳимоясида сақлаб, барча марҳум аждодларимизни Ўзининг раҳматига олиб, уларнинг ҳақларига қилаётган дуоларимизни ижобат қилиб, қолганларга фаровон ҳаёт, тинчлик ва офият ато этишини сўраб қоламиз.

Ҳабибуллоҳ ЗОКИРОВ
Сирдарё вилояти бош имом-хатиби

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan