Аллоҳ таоло Ўзининг қудрати илоҳийси билан инсонни яратганда уни жамики махлуқот ва мавжудод ичида мукаррамлик билан мартабасини кўтариб қўйди. Аллоҳ таоло бу дунёда инсонни турли-туман қийинчилик ва мусибатлар билан имтиҳон қилади ва унинг имони қай даражада мустаҳкам эканини синовлардан ўтказади. Инсон саботи ва қатъияти ила мана шу имтиҳон ва синовлардан муваффақиятли ўтса, у албатта Аллоҳ таолонинг олий мукофотларига сазовор бўлади.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади: “Улардан кейин келганлар: “Эй, Роббимиз, бизни ва биздан олдин иймон билан ўтган биродарларимизни мағфират қилгин” дерлар”. (Ҳашр сураси, 10-оят).
Аллоҳ таолонинг ушбу оятда ўзларидан олдин ўтган мўминларга мағфират сўраганларни ўз китобида мақтаяпти. Бундай ҳолатни пайғамбарлар отаси бўлмиш Иброҳим алайҳиссалом қиссаларидан билса ҳам бўлади.
“Эй, Роббимиз! Ҳисоб-китоб қилинадиган куни мени, ота-онамни ва (барча) мўминларни мағфират қилгин”. (Иброҳим сураси, 41-оят).
Ушбу оят билан Аллоҳ таоло бандаларига қандай қилиб дуо қилишни ўргатаяпти. Яъни ўзини, ота-онасини, ўтган аждодларини ҳамда мўминларни яхшилик билан эслаш ва уларнинг ҳақларига дуо қилишни билдирмоқда.
Истиқлол йилларида улуғ аждодларнинг хотираларини қадрлаш, мамлакат тараққиёти, юрт озодлиги йўлида жонбозлик кўрсатган фидойи юртдошларимизнинг руҳларини шод этмоқ учун эзгу амалларга бел боғлашдек савоб дилимиздаги ёруғ ниятлардан бирига айланди.
Дарҳақиқат, инсон – ҳаёт гултожи. Яратганнинг инъоми – онгу тафаккурнинг фақатгина одамзодга берилгани мазкур ҳақиқатга яна бир далилдир. Мана бир неча йилдирки, 9 май Хотира ва қадрлаш куни сифатида кенг нишонланмоқда. Бу эса айни инсон зотига, унинг муқаддас ёдию умри давомида бажарган эзгу амалларига бўлган чексиз эҳтиром рамзидир.
Биз ҳамиша марҳумларимизни ёдга олиб, уларнинг руҳларини шод қилиш учун савобли амалларни, шу жумладан, Қуръони карим оятларидан тиловатлар қилиб, савобини уларнинг руҳларига бағишлаймиз. Зеро, ўтганларни эслаш ва уларга истиғфор айтиш, қабрларини зиёрат қилиш ва уларнинг ҳақларига дуолар қилиш барчамизнинг исломий ва инсоний бурчимиздир.
Хуршид АСЛАНБАЕВ
Янгиер шаҳар “Абдуқаҳҳор ҳожи”
жоме масжиди имом хатиби
.