Инсон азиз-хотираси муқаддас

Ислом динида Аллоҳ таоло инсон зотини азиз ва мукаррам этиб, унинг ёши ҳам, қариси ҳам, аёли ҳам, эркаги ҳам баравар барчасининг қадрини юқори кўтарди. “Дар ҳақиқат, (Биз) Одам фарзандларини (азиз ва) мукаррам қилдик…”, (Исро сураси, 70-оят). Пайғамбаримиз (с.а.в.)дан ёши улуғларини қадрлаш, уларнинг ҳурматини жойига қўйиш тўғрисида кўплаб ҳадислар ворид бўлган. Абу Ҳурайрадан (р.з.) ривоят бўлган ҳадисда, Набий алайҳиссалом:  “Ким кичигимизга раҳм қилмаса, каттамизнинг ҳаққини билмаса, биздан эмас”. Бошқа бир ривоятда эса: “Ким каттамизни улуғламаса, биздан эмас”. Ёки бошқа бир ҳадиси шарифда: “Соч-соқоли оқарган мусулмонни, Қуръонни ёд олган унда ғулувга кетмаган ҳамда унга жафо қилмаганни, адолатли ҳукмдорни икром қилиш Аллоҳни улуғлашдандир”, деб марҳамат қилинган (Имом Бухорий ривоятлари).

Аллоҳ  таоло бу дунёда инсонни қийинчилик ва мусибатлар билан имтиҳон қилади ва синовлардан ўтказади. Инсон мана шу имтиҳон ва синовлардан муваффақиятли ўтса, албатта, Аллоҳ таолонинг олий мукофотларига сазовор бўлади. “Сизларни бироз хавф-хатар, очлик (азоби) билан, молу жон ва мевалар (ҳосили)ни камайтириш йўли билан синагаймиз. (Шундай ҳолатларда) сабр қилувчиларга хушхабар беринг (эй Муҳаммад)! Уларга мусибат етганда: “Албатта, биз Аллоҳнинг ихтиёридамиз ва албатта, биз Унинг ҳузурига қайтувчилармиз”, дейдилар. Айнан ўшаларга Парвардигорлари томонидан салавот (мағфират) ва раҳмат бордир ва айнан улар, ҳидоят топувчилардир”, (Бақара сураси, 155-157- оятлар).

Ватанимизда яшовчи мусулмонлар ушбу оятларига биноан  бошларига келган ҳар қандай мусибат, қора кунлар, қатағон йилларининг мислсиз даҳшатлари олдида ўзликларини асло йўқотишмади  ва келажакка умид билан қарашди. Аллоҳ таолога шукрлар айтамизки, мана бугун улуғ аждодларимиз орзу қилган буюк неъмат – Ватан озодлиги ва мустақиллигига эришилган нурли кунларда яшамоқдамиз. Истиқлол йилларида улуғ аждодлар хотирасини қадрлаш, иккинчи жаҳон уришида ва  юрт озодлиги йўлида жонбозлик кўрсатган фидойи юртдошларимиз руҳини шод этмоқдек савоб ишни амалга ошириш йўлга қўйилди.

9-май Хотира ва қадрлаш кунидир. Зеро, бу кун ўтмишдаги барча аждодларимизга ва ўз ҳаётини Ватанимиз озодлиги ва халқимизнинг фаровон ҳаёти йўлида фидо қилиб, бугунги ёруғ кунларимизни кўриш насиб этмай ўтиб кетганларимизнинг ўчмас хотираларига бўлган ҳурмат ва эҳтиромдир. Давлатимизнинг  раҳбари томонидан мана бир неча йилдирки, 9 май Хотира ва қадрлаш куни сифатида кенг нишонланмоқда. Бу эса айни инсон зотига, унинг муқаддас ёдию умри давомида бажарган эзгу амалларига бўлган чексиз эҳтиром рамзидир. Шунинг учун ҳам юртимиздаги барча Хотира майдонлари ҳар доим гавжум. Жанггоҳларда жон фидо этган ватандошларимиз номи “Хотира китоби”нинг зарҳал варақларига мангу муҳрланган.

Албатта, биз ҳамиша марҳумларимизни ёдга олиб, уларнинг руҳларини шод қилиш учун Қуръони карим оятларидан тиловатлар қилиб, савобини уларнинг руҳларига ҳадия қиламиз. Зеро, ўтганларни эслаш, қабрларини зиёрат қилиш ва уларнинг ҳақларига дуода бўлиш  барчамизнинг инсоний бурчимиздир.  “Улардан кейин (дунёга) келган зотлар айтурлар: “Эй Раббимиз! Ўзинг бизларни ва биздан илгари имон билан ўтганларни мағфират этгин ва қалбларимизда имон келтирган зотларга нисбатан гина пайдо қилмагин! Эй Раббимиз! Албатта, Сен меҳрибон ва раҳмли зотдирсан”! ,(Ҳашр сураси, 10-оят). Бу ҳақда   Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи ва саллам шундай марҳамат қилганлар: “Дунёдан ўтганларнинг яхши сифатларини эсланглар, уларнинг ёмон сифатларини айтишдан сақланинглар” (Имом Термизий ривояти). Шариатимиз кўрсатмаларига кўра, ўтганларимизнинг қабрларини зиёрат қилиш суннат амаллардандир. Чунки Пайғамбаримиз соллалоҳу алайҳи ва саллам Мадинаи мунавварага келганларидан кейин шундай марҳамат қилганлар: “Сизларга қабрларни зиёрати қилишни тақиқлаган эдим. Мана энди қабрларни зиёрат этаверинглар, зеро у сизларга охиратни эслатади” (Термизий ривояти).

Демак, қабристонга борганда у ерда ётган марҳумларнинг аҳволини ўйлаб, ундан ҳар ким ўзига ибрат олиши лозим. Зеро, улар ҳам бизлардек яшашган, турли амалларни қилиб ўтишган. Ҳозирда ўша қилмишларига яраша Аллоҳнинг ажри ёки уқубатига сазовор бўлган ҳолда ётишибди. Бу эса инсонни фикр қилишга ундайди. Расули акрам соллалоҳу алайҳи ва саллам: “Ўлим насиҳат олиш учун етарлидир” (Табароний ривояти), деганлар. Агар биз мусулмонлар аждодларимиз руҳларини шод этиш мақсадида уларни қанчалик кўп хотирласак, фарзандларимиз ҳам бундан яхши ибрат оладилар. Зеро, улар ҳам вақти келганда аждодларини  хотирлаб, дуода бўлишади. “Агар бир инсон вафот қилса, унинг амали тўхтайди. Фақатгина учта нарсадан унга фойда етиб туради: (қолдириб кетган) садақаи жория ёки фойдали илм ёҳуд ҳаққига дуо қилиб турадиган солиҳ фарзандларидан”, (Имом Муслим ривояти).

Ватан, миллат, дин йўлида жон фидо қилган аждодларимиз хотираси бизлар учун қанчалик ардоқли ва муқаддас бўлса, кексалик ёшига етган улуғларимизнинг қадрига етиш  ҳам шунчалик муҳимдир. Жаннатмакон диёримиз истиқлолга эришган илк кунларданоқ нафақадаги кекса отахон ва онахонларга, ногирон ва муҳтожларга катта ғамхўрлик ва беминнат ёрдам кўрсатиб келинмоқда. Улар ҳаётини фаровон, кунларини шодон қилиш учун ҳукуматимиз уларни ижтимоий ҳимоя қилиш ишини юксак даражага кўтарган. Жорий йилимизда ҳам Ҳукуматимиз томонидан уларнинг моддий фаровонликларини янада яхшилаш, уларни рағбатлантириш мақсадида бир қатор қарорлар қабул қилиндики, бу нарса барчани чин дилдан хурсанд этади.

Аллоҳ таборака ва таоло барча марҳум аждодларимизни Ўзининг раҳматига олиб, уларнинг ҳақларига қилаётган дуоларимизни ижобат қилиб, қолганларга фаровон ҳаёт  ато этсин!

Аминжон ИСМОИЛОВ
Сирдарё тумани бош имом-хатиби

 

 

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan