Одобдан кўра яхшироқ ҳадя йўқ.

Дархакикат, хар бир инсон бу дунёда яшар экан, оилали бўлиш, фарзандли бўлиш хамда шу фарзандлари келажакда илмли, маърифатли, одобу ахлоқли бўлишини орзу килади..

Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам отанинг фарзандига қиладиган моддий таъминотидан маънавий таъминоти устун туришини таъкидлаб шундай марҳамат қилганлар:  “Ҳеч бир ота ўз фарзандига гўзал одобдан ҳам ортиқроқ ҳадя бера олмайди” (Термизий ривояти).

Шундай экан, ҳар қандай фарзанд маълум бир муҳитда, маълум бир оилада дунёга келади. Унинг келажакда ким бўлиб етишиши албатта бевосита фарзандга бериладиган эътиқодий, ахлоқий тарбияга боғлиқдир. Фарзандларга одоб бериш энг аввало оиладан бошланади. Ота-она фарзандларига яхши билан ёмоннинг, ҳалол билан ҳаромнинг, маърифат билан жаҳолатнинг, саховат билан бахилликнинг фарқини аниқ тушинтира билиши ва ҳар вақт уларни эзгулик йўлига чорлашлари лозим бўлади.

Пайғамбаримиз Мухаммад саллолоҳу алайҳи васалламнинг одоблари, ахлоқлари,  феъллари, муомалалари бизлар учун бир мактаб вазифасини ўтайди, десак тўғри бўлади. Зеро, Аллох таоло ўзининг каломида шундай дейди:“Албатта сиз улуғ хулқ эгасисиз”(Қалам,сураси 4-оят).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда пайғамбаримиз Муҳаммад саллолоҳу алайҳи васаллам:

 “Албатта, мен одоб ва ахлоқларни мукаммал қилиш учун юборилганман”-деганлар. (Имом Аҳмад, Бухорий ва Хоким ривояти).

Мусулмон кишининг ҳаёт тарзи, инсонларнинг ўзаро муомаласи, юриш-туриши, кийиниши, еб-ичиши ва тиш тозалаш, ҳатто ҳожатхонага кириши ҳам одоб саналади.

Пайғамбаримиз солаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қиладилар:  “Болаларингизга одоб беринглар ва одобларини чиройли қилинлар”.(Муслим ривояти)

Ҳадис илмининг султони Имом Ал-Бухорий ҳазратлари ҳам ўзларининг  машҳур “Ал-адаб Ал-муфрад” ҳадислар тўплами китобида айнан одоб ахлоқга оид 1322 та ҳадисни келтирганлар.

Уламоларимиз фарзанд тарбиясида қуйидагиларга эътибор беришликни айтиб ўтганлар: “Фарзандларга меҳрибонлик, раҳм-шафқат кўрсатинг, улар билан юмшоқ муомалада бўлинг, сабабсиз тергаманг. Тез-тез уларни бағриларига олиб, бош-кўзини меҳр билан силаб туринг. Улар билан мунтазам бирга бўлишга ҳаракат қилинг, машғулотлар ўтказинг, ўйинларига аралашиб туринг, ҳазил-мутойиба қилинг, нутқини ўстириш билан шуғулланинг. Уларни асло қарғаманг, ѐмон сўзлар билан сўкманг, ѐмон дуо қилманг. Чунки бу нарсалар уларни фасодга йўлиқтириб, оилангизга фақирлик келтиради. Аксинча, фарзанд ҳаққига яхши дуолар қилиб, уларга имон-эътиқод, инсоф, илму маърифат ва яхшиликлар тиланади.”

Фарзандларнинг келажакда гўзал ахлоқли ва чиройли тарбияли бўлишида ота-онанинг ўз фарзанди ҳаққига қиладиган хайрли дуолари жуда муҳимдир.

Пайғамбаримиз солаллоҳу алайҳи ва саллам Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинган ҳадиси шарифда:

“Уч кишининг дуоси қабулдир: мазлумнинг дуоси, мусофирнинг дуоси, отанинг фарзанди ҳаққига қилган дуоси.” деганлар.

Ота-она бундай неъмат ва имкониятдан унумли фойдаланиб, фарзандларининг келажакда солиҳ ва тарбияли инсон бўлиб камол топишини Аллоҳдан сўраб дуо қилиши лозим.

Муроджон МИРСОАТОВ  Сирдарё тумани «АҲМАД ЯССАВИЙ»
жомъе масжиди имом-хатиби 

 

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan