Иффат ва поклик

Буюк уламоларимиз динни гўзал одоб-ахлоқ, деб ҳисоблашган ва чиройли хулқларни дин, деб билишган. Шунинг учун ҳам муфассирлар гултожи Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу) Аллоҳ таолонинг Қуръони каримдаги:

 “Албатта, Сиз буюк хулқ узрадирсиз!” мазмунидаги ояти каримани “Сиз буюк дин узрадирсиз!” яъни, ислом динидек севимли ва азиз дин узрадирсиз, деб тафсир қилган. Бошқа бир олим: “Диннинг барчаси одобдир, ахлоқдир”, – деган.(Қалам сураси 4 оят)

“Буюк хулқ”нинг маънолари ҳақида турли тафсирлар бор. Аввало хулқ бу ерда ўзининг асл маъносида ишлатилгани маъқул. Ҳадисда Расулуллоҳ алайҳис саломнинг ўзлари: “Мен макорими ахлоқни такомиллаштириш учун юборилганман”, – деганлар. Ҳақиқатан, Муҳаммад (алайҳис салом) биринчи даражадаги комил инсон эканларига асло шубҳа йўқ.

Бошқача тафсир қилувчилар бу оятдаги “буюк хулқ”дан мурод, айтганимиздек Қуръон ёки улуғ дин, яъни ислом дини деб изоҳлашга ҳаракат қилганлар.

Шунга кўра одоб-ахлоқларнинг асоси учта: гўзаллик, яхшилик ва ҳақиқат бўлиб, дин мазкур фазилатларнинг асоси, уларга чорловчи ва уларни сақлагувчисидир.

Ислом дини таълимоти гўзал одоб-ахлоқ, фазилатли хислатлар ҳақида атрофлича баён қилади ва доимо барча инсонларни шунга чорлайди. Мана шундай чиройли қуръоний ахлоқ эгаси ҳисобланган, инсон зотининг улуғ камолотга эришувида, дунё ва охират саодатига етишишида муҳим омиллардан бири иффат ва покликдир.

“Иффат” сўзи икки маънога далолат қилади. Бири ёмонликдан тийилиш бўлса, иккинчиси ҳалол бўлмаган нарсадан узоқлашишдир. Шунинг учун ҳам ҳаром-харишдан йироқда бўлган кишини иффатли инсон ва ор-номуси ҳамда шарафини сақлаган хотинни иффатли аёл, деб айтилади.

“Иффат” сўзи Қуръони каримнинг бир неча жойларида зикр этилган. Жумладан, биринчиси “Нисо” сурасида:

“Ким бой бўлса, (етимнинг мулкидан ейишдан) сақлансин…”. (Нисо сураси 6 оят)

Иккинчиси “Нур” сурасида

“Никоҳ (учун лозим маблағ) топа олмайдиган кишилар то Аллоҳ уларни ўз фазли билан бойитгунча ўзларини (ҳаромдан, зинокорликдан) пок тутсинлар!..”. (Нур сураси 33 оят)

Учинчиси эса “Бақара” сурасида:

“Иффатлари (тортинчоқликлари) сабабли билмаган одам бой деб гумон қиладиган фақирлар учундир”. (Бақара сураси 273 оят)

Фозил инсоннинг Аллоҳ таоло ҳалол қилган чегарадан четга чиқадиган, шаҳвоний истагини жиловлаб, иффатли ва покдомонлик тизгинини ушлаши ниҳоятда муҳимдир. Зеро, инсон шаҳватига мойил бўлса, дину дунёсини барбод қиладиган офатларга мубтало бўлиши ҳеч гап эмас. Имом Ғаззолий айтганидек, инсон нафс, ҳоҳиш-истаги дин ва ақл чегарасида мўътадил, ақл ва шариатга мувофиқ тарзда бўлмоғи лозим. Шундан келиб чиққан ҳолда, урфимизда инсон жинсий-нафсий ҳоҳиш-истагини ҳаромдан, разилликдан сақлашига ҳам “иффат” сўзи ишлатилади. Урфга кўра “иффат” сўзи шундай улуғ бир даражага далолат қиладики, “иффатли” деганда, гўё инсоннинг бутун вужуди ва қалби покиза деб билинади.

Динимиз таълимотлари одоб-ахлоқимизда, сўзимизда, кўз қарашларимизда, ўзгалар мол-дунёси ҳақида ҳам иффатли бўлишимизни тавсия қилади.

ИСАЕВ Ҳидоятуллоҳ

Янгиер шаҳар “Мухаммад Бобур”                                                                          жоме масжиди имом хатиби

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan