Миллий ғоя деганда, аждодлардан авлодларга ўтиб, асрлар давомида эъзозланиб келинаётган, шу юртда яшаётган ҳар бир инсон ва бутун халқнинг қалбида чуқур илдиз отиб, унинг маънавий эҳтиёжи ва ҳаёт талабига айланиб кетган, таъбир жоиз бўлса, ҳар қайси миллатнинг энг эзгу орзу-интилиш ва умид-мақсадларини ўзимизга тасаввур қиладиган бўлсак, ўйлайманки, бундай кенг маъноли тушунчанинг мазмун-моҳиятини ифода қилган бўламиз.
Табиийки, миллий ғоямиз шу юртда яшаётган барча одамларнинг олижаноб ниятларини, ҳаётий манфаатларини мужассам этадиган юрт тинчлиги, Ватан равнақи, халқ фаровонлиги деган юксак тушунчаларни ўз ичига олади.
Эндиликда олдимизда турган энг муҳим вазифа ана шу юксак тушунчалар билан бирга миллий ғоямизнинг узвий таркибий қисмларини ташкил қиладиган комил инсон, ижтимоий ҳамкорлик, миллатлараро тотувлик, динлараро бағрикенглик каби тамойилларнинг маъно-моҳиятини бугунги кунда мамлакатимизда олиб борилаётган маънавий-маърифий, таълим-тарбия ишларининг марказига қўйиш, уларни янги босқичга кўтариш, ёш авлодимизни ҳар томонлама мустақил фикрлайдиган етук дунёқараш эгалари қилиб тарбиялашдан иборат.
Илмни ёшлик чоғида ўрганиш алохида ахамиятга эга бўлиб, бу ҳақда Пайғамбаримиз (с.а.в): “Ёшликда ўрганилган илм тошга ўйилган нақш кабидир” деб марҳамат қилганлар.
Бу борада маърифатпарвар бобомиз Абдулла Авлоний “Ҳар бир миллатнинг дунёда борлиғини кўрсатадурган ойинаи ҳаёти тил ва адабиётдир. Миллий тилни йўқотмак миллатнинг руҳини йўқотмакдур”.
Барчамизга маълумки, инсон ўзлигини англагани, насл-насабини чуқурроқ билгани сари юрагида Ватанга муҳаббат туйғуси илдиз отиб, улғая боради. Бу илдиз қанча теран бўлса, туғилиб ўсган юртга муҳаббат ҳам шу қадар юксак бўлади.
Ҳар бир халқ ва унинг давлати ҳамиша ўз олдига муайян мақсад-муддао қўйиб, келажак сари интилса, ривожланади. Шу маънода мамлакатимизда халқ фаровонлигини ошириш-сиёсий фаолиятнинг устувор йўналиши ҳисобланади. Чунки Ўзбекистон Республикаси мустақил давлат бўлиб шаклланган кунидан эътиборан ўз олдига эзгу мақсад қўйиб, олдинга интилиб келяпти.
Бежиз эмаски, юртимиздаги қайси хонадонга кирманг, қандай йиғин ёки маърака бўлмасин, фотиҳага қўл очилганда, ёшу қари, эркагу-аёл барчамиз Яратгандан тинчлик ва осойишталикни сўраб дуо қиламиз.
Барчамизга аён бўлиши керакки, қаердаки бепарволик ва лоқайдлик ҳукм сурса, энг долзарб масалалар ўзибўларчиликка ташлаб қўйилса, ўша ерда маънавият энг ожиз ва заиф нуқтага айланади. Ва аксинча қаерда ҳушёрлик ва жонкуярлик, юксак ақл идрок ва тафаккур ҳукмрон бўлса, ўша ерда маънавият қудратли кучга айланади.
Ҳар қайси миллатнинг ўзига хос маънавиятини шакллантириш ва юксалтиришда, ҳеч шубҳасиз, оиланинг ўрни ва таъсири беқиёсдир. Чунки инсоннинг энг соф ва покиза туйғулари, илк ҳаётий тушунча ва тасаввурлари биринчи галда оила бағрида шаклланади. Боланинг характерини, табиати ва дунёқарашини белгилайдиган маънавий мезон ва қарашлар-яхшилик ва эзгулик, олижаноблик ва меҳр-оқибат, ор-номус ва андиша каби муқаддас тушунчаларнинг пойдевори оила шароитида қарор топиши табиийдир.
Ҳаммамизга аён бўлиши табиийки, оила соғлом экан-жамият мустаҳкам. Жамият мустаҳкам экан-мамлакат барқарордир.
Сайхунобод тумани “Иттифоқ”
жоме масжид имом-хатиби
Охунжон.Васиев