Мўминнинг фаросатидан қўрқинг

Абдухолиқ Ғиждувоний бир куни халойиқга маърифат сўзини айтиб ўтирган эдилар. Бир йигит уларнинг шариф мажлисига зоҳидлар суратида кириб келди. Хирқа эгнида ва жойнамоз қўлида, бир бурчакка ўтирди. Бир соатдан сўнгра туриб, ҳазрати Хожага: “Ҳазрат Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Мўминнинг фаросатидан қўрқинг, чунки у Аллоҳнинг нури ила назар солади”, бу ҳадиснинг сири нимада?”. Хожа: “Бу ҳадиснинг сири шуки, зуннорингни кесгил ва иймон келтиргин”,- деб жавоб бердилар. Йигит: “Аллоҳ асрасин, менда зуннор йўқ”, деди. Хожа ходимига ишора қилди, у йигитдан хирқани тортди, хирқа остидан зуннор чиқди. Йигит дарҳол зуннорини кесди ва иймон келтирди. Хожа деди: “Эй дўстлар, келинглар бу янги аҳд қилган йигитга қўшилиб, у зоҳир зуннорини кесган бўлса, биз эса ботин (қалб) зуннорини кесайлик”.

Мажлисдаги халойиқ бу сўзни эшитиб, ҳамма оҳ чекиб, ҳазрат Хожанинг оёғига йиқилиб, янгидан тавба қилдилар.

Луқмони Ҳаким ўзларининг ўғилларига насиҳат қилдилар: “Эй ўғлим, инсон уч қисмдан иборат. Бир қисми Худо учун, бир қисми ўзи учун ва яна бир қисми қурту тупроқ учун. Худо учун бўлган қисми у унинг руҳидир. Ўзи учун бўлган қисми бу қилган яхши ёки ёмон амали, қурту тупроқ учун бўлган қисми у унинг жасадидир”

Фаросат мўмин банда шайтон билан яккама якка бўлиб қолганида, жуда қулай келадиган қуролдир. Яъни мусулмон, намозхон киши нима қилишини билмай қолганида унга фаросати жуда қўл келади ва уни Худонинг ғазабидан узоқлаштириб қўяди.

Янгиер шаҳар “Абдуқаҳҳор хожи”
масжиди имом-хатиби
Х. Асланбаев

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan