Ёшларнинг келажак ҳаёт бўсағаларига қўядиган қадамлари қутлуғ бўлишида ва жамиятда муносиб ўринларни эгаллашида уларнинг комил одоб-ахлоққа эга бўлишлари жуда муҳимдир. Ёшларнинг барча соҳада етакчи бўлишлари учун энг аввало, одоб—ахлоқли бўлишлари лозим. Ислом ота-онанинг зиммасига фарзанднинг таълим-тарбиясини ҳам юклайди. Зеро, Ислом дини ўзи илм ва таълим динидир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга биринчи хитоб қилинган ваҳий илм ва таълимни эслатди. Болага илм беришда аввало ўқиш ва ёзишни ўргатиш лозим. Чунки ўқиш ва ёзиш илм олишнинг асосий қуролидир. Шу билан бирга фарзандни иқтидорига қараб ўзининг замонасидаги илмларни ҳам ўргатиш лозим. Чунки, илмсиз миллатнинг қуввати пасаяди. Бизлар учун намуна ҳисобланган саодат асри кишилари ўз даврларининг ҳар соҳада пешқадами бўлганлар. Биз ҳам Ислом тарбияси ўлароқ ёшларимизни замонасининг олди ёшлари қилиб тарбиялашимиз зарур. Уларга бошқа тилларни ўргатишни ҳам йўлга қўйиш керак. Ким қайси қавмнинг тилини билса, ўшаларнинг макридан омондам бўлади. Зайд ибн Собитдан ривоят қилинади. У зот шундай дейдилар:
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга: “Сурёний тилини (яҳудий тили) биласанми? Менга улардан мактублар келади” – дедилар. Мен “Йўқ”, деган эдим, “ўрган”, деб буюрдилар. Мен ўша тилни ўн етти кунда ўргандим. Яҳудийлардан мактублар келса, уни ўқиб берар, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларга мактуб юбормоқчи бўлсалар, мен ёзиб жўнатар эдим”.
Шунингдек, илмни ёшликдан олишга тарғиб қилиш керак. Абу Довуддан ривоят қилинади. У киши айтадилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Гўдаклигида илм олганнинг мисоли тошга ўйилган нақш кабидир. Кексайганда илм олганнинг мисоли сувга ёзилгани кабидир”, дедилар”.
Демак, ёшларни илмга қизиқтириш масъулияти аввало ота-онанинг зиммасида бўлар экан. Шу билан бирга фарзандга касб-ҳунар ҳам ўргатиш лозим. Чунки олган илмини миллат равнақи учун сарф қилар экан, ўрганган касбидан ҳам инсонларга фойдаси тегади, ҳам ўзи учун ҳалол, покиза ризқ топади. Бировга муҳтож бўлмайди.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кишининг ейдиган энг афзал таоми – ўз касби-ҳунари орқали топганидир. Албатта, Аллоҳнинг пайғамбари Довуд алайҳиссалом ўз қўл меҳнатидан таомланарди” – дедилар.
Яна Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Гуноҳлар ичида шундайлари борки, унга ҳалол ризқ топиш мақсадида чекилган ташвишгина каффорат бўлади ” деб марҳамат қилганлар.
Булардан кўриниб турибдики, ёшларнинг тарбиясида, уларни касб – ҳунарли бўлишига ҳам эътибор бериш муҳим вазифалардан экан.
Ёшларни, фарзандларимизни гўдаклик чоғидан, аввало уларга яратган зотни танитмоқлиги ва уларни иймонли, эътиқодли, динига, ватанига хизмат қиладиган комил инсон бўлиб етиши учун ҳар бир ота-она масъулдир.
Ҳусни хулқ инсондаги барча фазилатларнинг энг олий ва афзалидур. Чунки ҳусни хулқ эгасидан доимо яхшилик кутилади: ўзига, оиласига, жамиятга балки, бутун атроф муҳитга ундан фақат манфаат етади.
Фарзандларимизни ёмон хулқ, бузуқ ғоялардан фикрини тоза, мусаффо қилмоғимиз даркор. Пайғамбаримиз бу борада айтадиларки: “Бамисоли сирка асални бузганидек, бадфеъллик ва ахлоқсизлик ҳам кишининг қилаётган амалларини бузади” – марҳамат қиладилар.
Юқорида келтирилганлардан хулоса қилиб айтамизки, одоб чиройли хулқ ёшлар фарзандларимиз камоли сари қўйилган илк қадам ҳисобланар экан. Одоб ва ҳусни хулқ эгаси бўлган ёшларгина илм ва касб-ҳунарда юксак чўққиларга етиша оладилар.
Носоғлом муҳитда тарбияланаётган боладан “маънавий касал” инсонлар шаклланади. Бугунги ғоят таҳликали, ҳам иқтисодий, ҳам маънавий инқирозлар кучайиб бораётган, ёшлар онгини ёлғон ва сохта ахборот хуружлари дахл қилаётган хатарли замонда барчамиздан уйғоқлик, хушёрлик талаб қилинади.
Сирдарё вилояти вакил ўринбосари А. Ёрбеков.