Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) туҳмат қилиш ва туҳматга қулоқ тутишдан қайтардилар. Туҳмат – мусулмон киши ҳақида бошқа бир мусулмонда нафрат уйғотадиган нарсаларни айтиб, унда йўқ айбларни унга тўнкашдир. Бу иши билан Аллоҳ тўғрилаб изга солиб қўйган нарсага путур етказади, Аллоҳ уларни боғлаб қўйган риштага дахл қилиб, уни узади. Натижада улар орасида адоват ва нафрат уйғонади. Бу иш катта бузғунчиликка олиб келади, унинг кетидан ёвузлик ва ёмонлик туғилади. Шунинг учун ҳам Расулуллоҳ (алайҳиссалом): “Бўҳтончи иғвогар жаннатга кирмайди”, деб марҳамат қилдилар. Чунки у шайтоннинг лашкари ва жосусидир. У боғланган ришталарни нифоқ солиш ва гиж-гижлаш билан узади.
“Туҳмат” сўзи аслида арабча сўз бўлиб, у ўзбек тилига араб тилидан кирган сўзлардан биридир. У ҳақда “Ўзбек тилининг изоҳли луғати”да қуйидагича изоҳ берилади: “Туҳмат –арабча, айблаш, айблов. Бировни айблаш ёки қоралаш мақсадида ўйлаб чиқарилган асоссиз даъво; бўҳтон”. “Туҳмат” сўзи ҳақида кўплар таърифлар мавжуд. Шу таърифлардан бирини келтирсак, у қуйидагича бўлади.
“Туҳмат” сўзини янада аниқроқ тушуниш учун Пайғамбаримизнинг (с.а.в)нинг қуйидаги ҳадисларига эътиборимизни қарасатсак, яхши бўлар эди. Бир киши Пайғамбар (с.а.в.)дан: “Ғийбат нима?” деб сўради. Пайғамбар (с.а.в.): “ Бир киши эшитса хафа бўладиган гаплар билан у ҳақда гапиришинг ғийбат бўлади”, дедилар.У киши яна сўради:“Айтилган гаплар ўша инсонда бўлса-чи?”. Пайғамбаримиз (с.а.в.):“Агар айтилган нарса ўша одамда бўлса, ғийбат қилган бўласан, бўлмаса эса туҳмат қилган бўласан”, дедилар.
“Туҳмат” сўзи бир одамнинг қилмаган ишини қилди, деб гапиришдир. Бу эса ўша инсонга зулм қилишдир. Зулм эса оғир гуноҳдир. Зулмдан нафрат, нафратдан душманлик келиб чиқади. Инсоннинг инсонга қилган зулмини ўша зулм қилинган одам олдин кечмаса, унинг гуноҳини худо ҳам кечирмайди.
Туҳмат барча ёмонликнинг бошланиши ва жиноят ва зулм унинг ҳосиласидир. Туҳмат инсонларнинг ёмон хулқларидан бўлиб, у ўша инсонга кўп машаққатлар олиб келади.
Ҳазрат Алишер Навоий шундай ёзадилар:
Бадғўйки ўз қилғани раҳматдур анга.
Ором халойиқ сори туҳматдур анга,
Ким хўйи ямон бўлса, машаққатдур анга,
Ким хўйи анинг яхши ғаниматдур анга.
Туҳмат қилиш инсонларнинг қалбини яралашдир. Луқмони Ҳаким фарзандларига туҳмат қилишдан сақланиш ҳақида шундай насиҳат қилган эканлар: “ Эй фарзанд, одамларни ҳар хил бўлар-бўлмас туҳмат гаплар билан ранжитма. Болта инсоннинг вужудини яраласа, туҳмат инсоннинг қалбини яралайди”.
Айрим кишилар душманидан ўч олиш учун туҳмат уюштиради. Турли хил уйдирмаларни тўқиб чиқаради. Душманни енгиш учун туҳматни қурол қилиб ишлатади. Чунки туҳмат орқасида бошқалар учун катта фожиа туради. Арзимаган бир гап одамнинг тақдирини ёмон тарафга ўзгартиради.
Биров туҳмат қилиб гапирса, уни туҳматдан қайтариш ўрнига, унинг гапларини кўтариб чопадиган одамлар ҳам кўплаб топилади. Туҳмат инсоннинг барча савоб ишларини кетказади, туҳмат қилган ҳам туҳматни мақуллаган ёки уни эшитган ҳам туҳмат гуноҳига шерикдир. Туҳмат қилинган одам туҳмат қилинганлигини эшитса, унга сабр қилса, у катта ажрни қўлга киритади.
Сирдарё вилояти вакил ўринбосари А. Ёрбеков.