Байтуллоҳни зиёрат қилиш – ҳар бир мўмин ва мусулмоннинг орзуси.
Муборак заминда қилинадиган ибодатлар гуноҳлардан покланиб, Аллоҳ таолонинг раҳматига сазовор қилади. Бундай бахтга ҳаж ёки умра амалларини адо қилиш билан эришиш мумкин.
Аллоҳ таоло: “Ҳаж ва умрани Аллоҳ учун мукаммал адо этинг,” дея марҳамат қилган (Бақара сураси, 96-оят). Умра улуғ ибодат бўлиб, унга мақтаниш, обрў орттириш ёки бошқа дунёвий мақсадларда бориш асло ярамайди. Зеро, у камтарона ва ҳокисорлик билан бажариладиган ибодат.
Аллоҳнинг изни ила бу йил Умра зиёратига боришга юртимиздан минглаб мўмин-мусулмонлар, шу жумладан, мўътабар онахонлар, мунис опа-сингилларимизга Умра зиёратига боришга йўл очилди, Макка сари йўл
олинди.
Жорий йилнинг 16-26 апрель кунлари Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан ташкил этилган 10 кунлик Умра зиёратига Сирдарё
вилояти вакиллиги орқали 19 нафар эркаклар, 29 нафар хотин-қизлар
ва элликбоши бошчилигида Умра зиёратига бориш, шу жумладан, менга ҳам насиб этди.
Келишилган шартномага асосан, йўл учун маблағ, меҳмонхона ҳаражатлари, транспортлар учун тўловлар тўлиқ адо этилган бўлиб, зиёратчиларга қулайликлар яратилган.
Умра зиёратини адо этувчилар зиёрат учун мўлжалланган рисола
ва қўлланмалар билан яқиндан таништириб чиқилдилар, сафарда барча тартиб-қоидаларга риоя этиш лозимлиги тушунтирилди.
Умра зиёрати учун аввало ният қилиш лозим, бу муборак сафардан фақат Аллоҳ таолонинг розилигини исташ керак. Гуноҳлардан астойдил
тавба-тазарру қилиш, қайта гуноҳ қилмасликка аҳд қилиш шартдир.
Умра сафарининг илк кунида вилоятимизнинг туман ва шаҳарларидан Умра зиёратчилари Гулистон жоме масжидида жамланиб, яна бир бора Умра зиёратининг одоблари, фарз ва вожиб амаллар, сафар давомида айтиладиган зикр, дуолар, саловатлар ўргатилиб, керакли кўрсатма ва тушунтиришлар берилди. Вилоят ҳокимияти вакиллари, жоме масжид ходимлари ва барча кузатувчи қариндошлар томонидан зиёратчилар улар учун ажратилган транспортларда Тошкент халқаро аэропортига кузатилдилар.
Тошкент халқаро аэропортига етиб келгач, масжид томонидан тайёрланган тўлиқ ҳужжатлар, авиабилетлар билан қийинчиликсиз самолётга чиқиб жойлашдик ва Жидда шаҳрига йўл олдик.
Жидда шаҳрида ҳам кутиб олган кузатувчилар кўмагида Мадина шаҳридаги “Зам-зам” меҳмонхонасига жойлашдик. Мадина шаҳрида 3 кун ибодат амалларини бажариб, масжидларда Пайғамбаримиз с.а.в. равзалари ёнгинасида Қуръон тиловати, 5 маҳал намоз, қўшимча нафл намозлари ўқишга муяссар бўлдик. Меҳмонхонадан 50 метрлик масофада жойлашган барча масжидларда зиёратчилар учун барча шарт-шароитлар яратилган.
Мадинадан эҳром кийимларини кийиб, йўл-йўлакай масжидларда вақти келган намоз ибодатларини адо этиб, шом вақтида Маккага кириб келдик. Бу ерда “Хилтон” меҳмонхонасига жойлашдик ва ифторликдан сўнг Харам ҳудудига йўл олдик. Махсус дуоларни ўқиб, Аллоҳга ҳамду санолар айтиб, илдам босиб, талбияни айтиб Каъба атрофини 7 марта айланиб чиқишга муяясар бўлдик. Сафо ва Марвада саъй қилиш, саловат, тасбеҳлар айтишга эришдик.
Сафаримизнинг қолган кунлари саҳарликдан чиқиб, бомдод намозини масжидда ўқишга ва кун бўйи тафив, намоз, Қуръон тиловати билан банд бўлдик. Арофат тоғига, қабристонларга зиёратга бориб, амалларни тўлиқ бжариш имкони бўлди.
Меҳмонхонадаги, жумладан, ошшхонадаги қулайликлар, сафар давомидаги барча шароитлар аъло даражада ташкил этилган.
Масжидлардаги тартиб-интизом, зиёратчиларнинг хушмуомаласи, атрофдаги дунё бўйича зиёратга келган мўминларнинг бир-бирига нисбатан раҳм-шафқати, кечиримлилиги, мутоала учун тахлаб қўйилган Қуръон китоблардан эҳтиёткорлик билан фойдаланиш, озодалик, тозаликка риоя этиб, зиёратчиларни кутиб олиш, буларнинг ҳаммаси барча зиёратчиларнинг кўнглида бир умрга муҳрланиб қолади.
Каъба атрофида тавар, саъй қилишда қаерда юрганингизни сезиб, кўзда ёш билан шу кунлар насиб этганига шукрона айтиб, Аллоҳга ҳамду санолар, Пайғамбаримизга саловатлар айтасиз. Тинч, осуда юртда яшаётганингизга яратилган имкониятларга, соғ-саломат амалларни бажариш насиб этганига, Ҳажарул асвад рўпарасида дуолар ижобат бўладиган жойга келганингизда ҳамду сано, зикрлар айтасиз.
Сафаримиз сўнггида ота-оналаримиз бора олмаган Аллоҳнинг уйини, Пайғамбаримиз с.а.в.нинг равзаларини зиёрат қилиш насиб этганига шукроналар айтиб, барча мўмин-мусулмонларни у ерга чақирсин деб
дуо қилдик.
Гулистон шаҳар “Намуна МФЙ”
отинойиси М.Юлдашева