Қуръони карим Аллоҳ таоло томонидан Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга нозил қилинган буюк мўъжиза, инсонларни ҳидоятга бошловчи нурдир. У мўминлар учун шифо, раҳмат, барака ҳамда бахту-саодатдир. Қуръони каримни ўқиш, унга амал қилиш икки дунё саодатини беради. Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “Албатта, бу Қуръон энг тўғри йўлга ҳидоят қилур ва яхши амалларни қилувчи мўминларга, албатта ўшаларга, улуғ ажр борлиги хушхабарини берур” (Исро сураси, 9-оят).
Усмон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: “Сизларнинг яхшиларингиз Қуръонни ўрганган ва уни ўргатувчилардир”.
Қуръони каримни ўқиш, эшитиш инсон қалбини юмшатади ва руҳияти учун маънавий озуқа бўлади. Инсон руҳ ва жасаддан иборат. Жасаднинг вазифаси Аллоҳ таоло ҳалол қилган неъматлардан тўғри фойдаланиш бўлса, инсоннинг руҳияти соф бўлиши учун Аллоҳнинг каломи Қуръони каримни ўқиши, эшитиши ва унга амал қилиши зарур. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қуръон бойликдир, ундан сўнг фақирлик йўқ, ундан бошқа бойлик ҳам йўқ” – деб марҳамат қилганлар.
Муҳтарам Президентимизнинг ташаббуслари билан илк маротаба Ўзбекистон Қуръон мусобақаси ташкил этилган кун халқимиз орзу қилиб кутган қувончли кунлардан бири бўлди. Президентимизнинг “Қуръонни эшитиш, эшита олиш юксак маънавият, маърифат. Қуръон ҳеч қачон ёмонликка даъват қилмайди. Агар, Қуръони каримни эшита олсак, эшиттира олсак бу муваффақият бўлади. Элимизга нур келади” – деб айтган сўзлари халқимизнинг ушбу илоҳий каломни ўқиб-ўрганишга бўлган рағбатини янада оширди. Қуръони каримга бўлган муҳаббат янада зиёда бўлди. Аллоҳ таоло ҳаётимизни Қуръони каримни ўқиб, эшитиб ва унга амал қилиб ўтказишимизни насиб айласин.
Ҳабибулло Ибодов
Гулистон тумани “Халқобод”
жоме масжиди имом-хатиби