Маънавиятни асраш – ўзлигимизни, келажагимизни асрашдир.

Абдулла Авлоний фарзанд тарбиясининг аҳамиятига тўхталиб, «Тарбия биз учун ё ҳаёт-ё мамот, ё нажот-ё ҳалокат, ё саодат ё фалокат масаласидир», – деб таъкидлаган эдилар.

Ҳозирги кунда фарзандларимиз дунёнинг энг ўткир, фаол, уддабурон, ватанпарвар ёшларига айланиши, уларни фидойилик, ватанпарварлик, тадбиркорлик, миллатпарварлик, садоқатга ўргатиш кўп жиҳатдан ота-оналарга боғлиқ. Халқимиз бежизга «Қуш уясида кўрганини қилади». демаган. Бу борада, албатта, ота-онага ёрдам беришда бутун жамоатчилик –жойлардаги масъуллар биргаликда фаол ишлашлари керак.

Ёшларга ушбу офатнинг салбий жиҳатлари ва зарарли оқибатларини кенгроқ тушунтиришда ижобий таъсир қилишнинг барча восита ва услубларини қўллаш керак. Баландпарвоз шиорларни такрорлаш ўрнига, фикрни ҳаётий мисоллар орқали етказиш маъқулроқ.

«Бекорчидан Худо безор», – дейди доно халқимиз. Ёшларимиз турли мутаассиб гуруҳлар таъсирига тушиб қолмаслиги учун уларнинг бўш вақтини унумли ўтказиш, касб-ҳунар, фойдали меҳнатга ўргатиш, турли тўгараклар фаолиятини жонлантириш, спорт клубларида қулай имкониятлар яратиб бериш муҳимдир.

Беғамлик лоқайдликнинг онасидир. Ҳар қандай фазилат ҳаддан ошса, иллатга: тавозе – лаганбардорлик, андиша – кўрқоқлик, ибо – мутелик, уялиш – журъатсизликка айланади. “Ер бузилса – деҳқон, бола бузилса – ота-она уялади”. Яхши фазилат экиб, парвариш қилинмаса, ёмон сифатлар унади. Фарзанд кўриб, қаровсиз қолдирилса, у фидойи, ватанпарвар бўлмайди, гиёҳванд, жиноятчи ёки риёкор бўлади.

Кишини ўйлантирадиган жиҳати шуки, фарзандларимиз биз истаган, биз интилган, ўз олдимизга мақсад қилиб кўйган даражада ўзгаряптими? Бугун умид билан қараётган ниҳолларимиз эртага кутилганидек мева берадими?»

Ўта жиддий савол. Агар биз ёшларимиз онги ва руҳиятини заҳарли мафкуралардан қатъият билан ҳимоя қилсак, ҳар қандай ғаразгўй кучлар мамлакат мустақиллиги ва унинг порлоқ келажагига рахна сола олмайди. Бу жамиятимиз, шу юрт, шу Ватанни муқаддас деб билган ҳар бир фуқаро олдида турган асосий вазифадир.

 “Қуръони карим”да имон: эътиқод доирасида илм олишга: бир-бирига ўзаро моддий ва маънавий ёрдам бериш: тўғрилик, поклик, яхшилик қилиш: ҳалоллик: саховатга чақиради.

Жамиятнинг сиёсий-ижтимоий, иқтисодий ва маданий ҳаётда ёшлар асосий муҳим ўрин тутади. Миллий маънавиятимиз қадр топаётган ҳозирги даврда уни бойитишимиз, янги авлодларга етказиб, маънавий мерос сифатида қолдиришимиз, миллат олдидаги бурчимиздир. Шундай қилиб ўзлигимизни янада тўлароқ, теранроқ англаган бўламиз.

Чунки, маънавий қадриятлар жамиятда яшайдиган ҳар бир шахснинг ҳаёт мазмуни, уларнинг интилиши, истак ва хоҳишларини ўзида мужассамлаштиради. Демак, ёшларда маънавий, руҳий куч-қувват, пойдевор бўладиган туйғулар аввало оиладан бошланади.

Ёш  авлодни қалби ва тафаккурини заҳарлайдиган наркобизнес, ноқонуний қурол-яроғ, террорчилик сингари онгимизда ёт бўлган зарарли иллатларни  эгаллаб олмаслиги учун зарур чора-тадбирларни амалга ошириш, маънавий оламимизда туб ўзгаришларни ярата олишимиз керак бўлади. Бунинг учун халқимиз турмуш тарзининг руҳий-ахлоқий асосини ташкил этиб келган исломий ва умуинсоний қадриятларни тўла англаб етишимиз миллий мафкурамиз шакллантирилиши бугунги кунда олдимизда турган муҳим вазифадир.

Шу боис ёшларимизнинг иймон-эътиқодини мустаҳкамлаш, иродалий кучли, ўз мустақил фикрига эга бўлган баркамол инсонлар этиб тарбиялаш, уларнинг тафаккурида ўзлигини унутмаслик, ота боболарнинг муқаддас қадриятларини асраб-авайлаш ва ҳурмат қилиш фазилатини қарор топтиришда, миллатнинг эртасини, унинг нақадар буюк бўлишини белгилайди.

БОТИР НОСИРОВ
Ховос тумани “Хуснобод” жоме
масжиди имом—хатиби

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan