Сайхунобод туманида 100 дан ортиқ хонадонлар қамраб олинди.
Жорий йилнинг 22 октябрь куни Сирдарё вилоятида имом-хатиблар фаолиятини самарали ташкил этиш, уларнинг маънавий-маърифий ишларини қўллаб-қувватлаш ҳамда аҳоли билан ҳамкорликни кучайтириш мақсадида навбатдаги амалий тадбир бўлиб ўтди.

Ушбу тадбир Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳамда Дин ишлари бўйича қўмита ҳамкорлигида Сайхунобод тумани “Пахтакор” жоме масжидида ташкил этилди. Йиғилишга вилоят бош имом-хатиби ўринбосари С.Жангиров раҳбарлик қилди.

Тадбирда шаҳар ва туман бош имом-хатиблари, имом-хатиблар, отинойилар, “Ҳаж–2025” зиёратчилари ҳамда маҳалла фуқаролар йиғини раислари иштирок этдилар.


Учрашувдан асосий мақсад – имом-хатибларнинг маънавий-маърифий ва ташкилий ишларини ўрганиш, уларга амалий ёрдам кўрсатиш, маслаҳатлар бериш ҳамда ҳамкорликда турли маънавий-маърифий тадбирларни ташкил этишдан иборат экани таъкидланди.

Шу муносабат билан Сайхунобод туманининг 7 та масжиди ва 18 та маҳалласига имом-хатиблар ҳамда отинойилар бириктирилди. Тадбир доирасида имом-хатиблар 7 тоифага мансуб 90 та, отинойилар эса 4 тоифага мансуб18 та оилага ташриф буюриб, умумий ҳисобда 100 дан ошиқ оила билан учрашдилар.
