Илм йўли шундай йўлки, унинг охирги манзили жаннатдир. Зеро бу ҳақиқатни суюкли пайғамбаримиз Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз муборак ҳадиси шарифларида баён қилганлар. Абу Дардо разияллоҳу анҳудан келтирилган ривоятда: Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганларини эшитдим: “Ким илм талабида йўлга чиқса, Аллоҳ уни жаннат томон йўлга бошлаб қўяди. Албатта, фаришталар толиби илмдан рози бўлиб, унга ўз қанотларини ёйишади. Албатта, олим учун осмонлару ердагилар, ҳатто сувдаги балиқлар истиғфор айтурлар. Олимнинг обидга нисбатан афзаллиги худди Ойнинг бошқа юлдузларга нисбатан афзаллигига ўхшайди” (Имом Термизий ривоятлари).
Албатта илм йўли оддий ёки осон йўл эмас, у толиби илмдан кўп нарса талаб қилади. Инсон борини илмга сарфламагунча, ундан бирор нарса ололмайди. Илм олиш ва келажакда ютуққа эришиш учун инсон умрини, ёшлигини, куч ва қувватини, молу дунёсини сарф этиши лозим. Ўтган тариҳ ва ҳозирги воқеъликка ҳам назар ташласак илм ўрганиш осон бўлмаган, унинг учун ота-она, устоз ва мураббий ҳамда ўқувчидан доимий ҳаракат талаб қилинган. Шунингдек илм олиш учун моддий имконият ҳам муҳим ўрин тутган.
Муҳташам Ислом тариҳига назар ташласак, кўплаб улуғларимиз устоз ва шогиртларининг моддий ҳолатларига эътиборли бўлишган, ҳамда илм талабида юрган, аммо моддий жиҳатдан имкони оз кишиларга ёрдам қўлини чўзганлар. Шундай улуғларимиздан бирлари, мазҳаббошимиз, имоми Аъзам, Нўъмон ибн Собит раҳматуллоҳи алайҳи бўладилар. Бу зотнинг устоз ва шогиртларига бўлган инъом ва эҳсонлари қиёматгача келадиган мусулмон аҳли учну ибратдир.
Қуйида бу бобда улуғларимиз айтган сўзларни келтирамиз: Имоми Аъзам Имом Вакиъга бундай деган эканлар: “Қирқ йилдан бери тўрт минг тангадан ошиқ пулни қўлимда тутмайман. Тўрт минг тангадан ошиғини чиқараман (тарқатаман). Шу тўрт минг танга ҳам олимлар нафақасининг сармояси учундир, йўқса бир танга ҳам сақламас эдим”.
Мазҳаббошимизнинг шогиртлари айтадилар: “Ўзлари ва бола-чақалари учун кийим-кечакми, мевами ёки бошқа нарсами олмоқчи бўлсалар, олдин катта уламоларга олиб, сўнгра ўзларига олар эдилар.
Имом Абу Юсуф айтади: “Бирор киши устозга берган нарсалари ва қилган эҳсонлари учун миннатдорлик билдирса, устоз хафа бўлиб, бундай дер эканлар: “Бу нарсалар Аллоҳ таолонинг сенга берган ризқидир, Унга шукр қил, менга эмас”.
Имоми Аъзам устозлари имом Ҳаммоднинг саховат ва эҳсонларини кўп эслардилар. Ҳазрат Имоми Аъзам ўн йил имом Абу Юсуфнинг харажатлари ва нафақаларини бериб турган эканлар.
Ҳа азизлар, бугун биз Устоз ва мураббийларни эслаб, уларни байрамлари билан қутлар эканмиз, бу фақат бир кунгина бўлади деб тушунмайлик. Имконимиз борича ҳар куни ёки ҳафтада бир, ҳеч бўлмаса ойда бир устозларни йўқласак, улар билан суҳбатлашсак, дуо ва маслаҳат ҳамда ниасиҳатларини олсак, имконимиз бўлса моддий қўллаб қувватласак, айни ҳайирли иш бўлар эди. Шунингдек шу каби ҳайирли ишларни шогиртлар ҳаққида ҳам қилсак, улар иншааллоҳ етук инсонлар бўлишади.
Ўтган устозларни эса дуойи хайирлар билан эслашимиз зарур. Бу бобда ҳам айнан мазҳаббошимиз барчамизга ўрнакдирлар. У киши айтадилар: “Устозим Ҳаммоднинг ҳурмати учун унинг уйи томонга оёғимни узатмаганман. Ҳолбуки, унинг уйи билан менинг уйим орасида еттита кўча бор эди. Ҳаммод вафот этгандан сўнг қачон намоз ўқисам ҳар сафар албатта ота-онамга қўшиб, унга ҳам Аллоҳдан мағфират сўраганман. Нафақат у, балки кимдан нимадир ўрганган бўлсам ёки кимдир менга нимадир ўргатган бўлса, албатта ўша кишилар учун ҳам доим Аллоҳдан мағфират сўрайман”.
Ҳа азизлар устоз ва мураббийлар куни бир йилда бир кун қилиб белгиланган бўлсада, аслида уларни эҳтироми ва эъзози ҳар куни бўлиши лозим. Аллоҳ таъолодан сўраймиз ҳаёт бўлиб турган устозларимизни саломат қилсин, ўтганларини раҳамат қилсин, яхши шогиртлар тайёрлаб чиқаришни бизларга ҳам насиб қилсин.
Сирдарё тумани, Бунёдкор МФЙ
“Абу Бакр” масжиди имом-хатиби: А.А.Жалолов