Никоҳланиш

Ислом динида никоҳ — бу Аллоҳнинг амри, Пайғамбар саллоллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари билан, мўмин-мусулмонларнинг гувоҳлигида боғланадиган муқаддас алоқа воситасидир.
Аллоҳ таоло ўзининг муборак каломида мўмин-мусулмонларга қарата шундай хитоб қилади:
Ва сизларга сокинлик топишингиз учун ўзингиздан жуфтлар яратганлиги ва ораларингизда севги ва марҳаматни солиб қўйгани (ҳам) Унинг оят-белгиларидандир. Албатта, бунда тафаккур қиладиган қавмлар учун оят-белгилар бордир. (Рум сураси 21-оят).
Шунингдек, никоҳ Пайғамбаримизсаллоллоҳу алайҳи васаллам ва барча пайғамбар алайҳиссолатларнинг суннатидир. Абу Айюб розияллоҳу анҳудан ривоят этилган ушбу ҳадисда Расули акрам (с.а.в.) бу ҳақда шундай дейдилар: «Тўрт нарса Пайғамбарларнинг суннатларидан: ҳаё, хушбўй сепмоқлик, мисвоқ ва оила қуриш».
Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, Исломда никоҳ икки томоннинг ихтиёри биландир. Шу сабабдан никоҳ қилинаётган вақтда аввал қиздан, сўнгра йигитдан розиликларин сўраш ва жавобни гувоҳлар эшитишлари никоҳнинг асосларидан қилиб белгиланган.

Ислом шариатида умр йўлдошини танлашда ҳар икки томон ҳам тенг ҳуқуққа эга. Жаноб Пайғамбаримиз (с.а.в.) нинг қуйидаги муборак ҳадислари бу борада биз учун катта дастурдир: «Агар сизларга дини ва хулқи маъқул бўлган киши келса, уни (сўраганига) никоҳлаб қўйинг. Акс ҳолда, ер юзида фитна ва фасод бўлишига сабаб бўлади».
Ҳадиси шариф дин билан хулқ кишининг кимлигини билдирувчи асосий сифат эканлигини таъкидлайди. Ҳанафий уламолар оила барқарор бўлиши ва ундан кўзланган мақсад рўёбга чиқиши учун ҳар икки томон бир-бирига ҳамма жиҳатдан тенг бўлиши шарт деганлар. Яъни, иқтисодда, одоб-ахлоқда, турмуш тарзи ва бошқа жиҳатларда ўзаро тенг ёки яқин бўлишса, бир-бирларини тезда тушуниб кетадилар.

Энди никоҳ маросимларида бўладиган харажатларга келсак, унда шариатимиз кўрсатмасига биноан, асосий харажат маҳр ҳисобланади. Маҳрни куёв беради. У бўлғуси келиннинг мулки бўлиб, уни на отасининг ва на куёвнинг олишга ҳаққи йўқ. Мабодо қиз ихтиёри билан берса, унда олса бўлади. Чунки Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилган: Аёлларга маҳрларини кўнгилдан чиқариб беринг. Агар улар ундан бирор нарсани чин кўнгилдан тутсалар, бас, уни енглар. Ош бўлсин, офият бўлсин. (Нисо сураси, 4-оят).
Маҳрнинг миқдори қатъий эмас, ҳар қайси юртда, одатда ўша келинга ўхшаган дугоналарига қанча маҳр берилса, бунга ҳам шу миқдорда берилади, дейилган. Лекин мазҳабимиз соҳиби Имом Аъзам рахматуллоҳи алайҳи аёлнинг уч-тўрт ой иддаси, ҳаётда учрайдиган яна бошқа ҳодиса ва сабаблар билан нафақасиз қийналиб қолмаслиги учун маҳрнинг энг оз миқдорини ўн дирҳам тилло деб белгилаб қўйганлар. Ўн дирҳами 32 гр. вазнга тенг бўлади. Бир грамм тилло никоҳ пайтида неча сўм бўлса, ўшани ўнга кўпайтириб, чиққан суммани маҳрнинг энг ками деб белгиланади. Ҳанафий мазҳабимиз кўрсатмасига кўра, никоҳ пайтида маҳр тўғрисида ҳеч нарса айтилмаса ҳам имаҳр мисл» — яъни ўша жойда одатда қанча маҳр берилаётган бўлса, куёвнинг зиммасига ўз-ўзидан ўша миқдордаги маҳр вожиб бўлаверади. Ўз маҳридан кечиб, эрини рози қилган аёлларга Аллоҳ таоло ажру савоблар ато қилиши ваъда қилингани муқаррардир.

Аллоҳ таоло никоҳларимизни мустаҳкам, оилаларимизни тинч-тотув қилсин. Ўзининг амрига ва Пайғамбарининг суннатига мувофиқ ҳаёт кечириб, шаръий ва исломий одоб-ахлоқларга риоя этмоғимизни насиб айласин!

  

Ҳидаятуллоҳ ИСАЕВ
Янгиер шаҳар «Муҳаммад Бобур»
жоме масжиди имом хатиби

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *