Рамазон – саховат ойи

Ойларнинг султони бўлган муборак Рамазон ойида турибмиз. Аллоҳ таоло бу ойни бошқа ойлардан фазилатли қилди. Ушбу ойда Қурьони карим нозил бўлган. Ушбу ой унинг покланиш, меҳр-оқибат ва саховат ойи эканлиги билан ҳам муборак ва табаррук саналади. Айни шу қутлуғ ойда “Лайлатур қадр” кечасини нишонлаймиз. Ушбу ойда қилинган барча эзгу амаллар, хайрли ва савобли юмушлар инсонга руҳий покланиш билан бирга  вужудига куч-қувват ато этади. Айниқса, бу йилги Рамазонда бутун дунё аҳли, шу жумладан, мусулмонлар учун синовли келганлигининг ҳам бир ҳикмати бор. Бу ойда аҳли мусулмонлар бир-бирларининг дарду ташвишларини юракдан ҳис қилиб, қилган гуноҳу савобларини чин юракдан англаб, Яратгандан тинчлик ва осойишталик, хайрли, қувончли кунларни тилаб, дуолар қилиб, шукроналар айтишмоқда.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Расулуллоҳ (с.а.в) дедилар:  “Банда тонг оттирганида икки фаришта тушади. Улардан бири – “Ё Аллоҳ, инфоқ қилувчиларга ўрнини қоплайдиган нарса ато эт”, – дейди. Иккинчиси- “ Ё Аллоҳ хасис зиқналарга талофат бергин” дейди”.

Саховат деганда инсонлар манфаатини кўзлаб, эзгулик йўлида мол-мулкни инфоқ – эҳсон қилиш тушунилади. Саховат туфайли дунёнинг муҳаббати қалбдан чиқиб кетади ва шу орқали Аллоҳ таолога янада яқинлашади.

Ҳадиси шарифда сахий киши Аллоҳга яқиндир, жаннатга яқиндир, инсонларга яқиндир, жаҳаннамдан узоқдир, дейилади.

Кимки Рамазон ойида бирор яхшиликни машаққат ила қилса, Рамазондан кейин ўша яхшиликни осонлик ила қила олади.

Рамазон нафснинг тарбияси билан шуғулланадиган ойдир. Саховат қилсангиз, қалбга хурсандчилик келади.

Расулуллоҳ (с.а.в.), у зотнинг саҳобалари, тобеинлар ва солиҳ инсонлар Рамазон ойига катта эътибор беришган, бу ой келганида ниҳоятда хурсанд бўлишган. Бу ойда ҳар қачонгидан сахийлик ва олийҳимматлилик кўрсатиб, фақир ва мискин одамларга садақа, эҳсон, таом улашишган, рўзадорларга ифторликлар уюштиришда ўзаро мусобақалашишган. Тожирлар бу ойда молларининг, айниқса, озиқ-овқат маҳсулотларининг нархини ҳар қачонгидан пасайтиришган.

Мавороуннаҳрнинг атоқли олими Абдуллоҳ ибн Муборак хурмо харид қилардида уни мискину бечораларга улашиб: “Ким менинг хурмоларимдан еса, ҳар бир еган хурмоси учун бир дирҳам мукофот олади “, дердилар, кейин ейишган хурмо данакларини санаб, ҳар бир данакка ҳисоблаб, бир дирҳамдан тарқатарди.

Аллоҳ таоло Бақара сурасининг 261 – оятида шундай марҳамат қилади: Молларини Аллоҳнинг йўлида сарфлайдиганларнинг мисоли худди бир дона донга ўхшайдир. Ундан етти бошоқ ўсиб чиқадир, ҳар бошоқда юзтадан дон бор. Ва Аллоҳ кимга хоҳласа, яна кўпайтириб берадир. Ва Аллоҳ қамраб олувчи ва билувчи Зотдир.

Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам айтганлар: “Беморларни зиёрат қилинглар, очларга таом беринглар, қарздорларга қарзини узишга ёрдам беринглар”. (Имом Бухорий ривояти).

Абу Ҳурайра (р.а) дан ривоят қилинган қуйидаги ҳадисда Пайғамбар саллоллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Мўмин улфат бўлади ва унга улфат бўлинади. Улфат бўлмайдиган ва унга улфат бўлинмайдиган кимсада яхшилик йўқ. Инсонларнинг энг яхшиси инсонларга кўпроқ нафи тегадиганидир”.

Шу сабабли, Муборак Рамазон ойида янада саховатли бўлиб, сахийлик сифатини ҳам ўзимизга касб қилайлик. Муқаддас ояти каримада таькидлаганидек, “Яхшиликнинг мукофоти фақат яхшиликдир”. Биз эзгу ишларни қанча кўп қилсак, меҳр-оқибат кўрсатсак, Яратганнинг ўзи бизни турли бало офатлардан, ёмонликлардан асрайди, йўлимизни очиб беради.

 

Рамзиддин КЎБАЕВ,
Сайхунобод тумани  “Абдуолим ота”
 жоме  масжиди имом-хатиби.

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan