Қўшничилик ҳақлари.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда Ўзига ибодат қилиш, Унга хеч бир нарсани шерик қилмаслик, ота-она, қавм-қариндош, етим-мискинлар ва қўни-қўшниларга яхшилик қилишга амр этиб, бундай деди:

Ва Аллоҳга ибодат қилинглар ва Унга ҳеч нарсани ширк келтирманглар. Ота-онага, қариндошларга, етимларга, мискинларга, яқин қўшниларга, ён қўшниларга, ёнбошдаги соҳибларга, кўчада қолганларга ва қўлингизда мулк бўлганларга яхшилик қилинглар. Албатта, Аллоҳ ўзини юқори тутувчиларни ва одамлар устидан фахр қилувчиларни хуш кўрмас. (Нисо сураси, 36-оят)

Муҳтарам жамоат! Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳ ўз китобларида ота-она, қавми-қариндош ва фарзандлар билан олиб бориладиган муомала маданиятига оид боблардан кейин қўни-қўшнилар билан яхши муомалада бўлиш бобини келтирганлар. Инсон боласи ўзининг кундалик хаётида истайдими – йўқми, доимий равишда алоқада бўлиб турадиганлардан бири қўшнилардир. Кишининг ҳаёти осойишталиги, бахти, қувончи кўпинча қўшни билан кечадиган алоқаларга ҳам боғлиқ бўлади. Агар Аллоҳ таоло бандага яхши қўшни ато қилса, кўпгина яхшиликларга сабаб бўлади. Аксинча, ёмон қўшнидан ҳар-хил ёмонлик кутишнинг ўзи турмуш ҳаловатини кетказади.

Шунинг учун ҳам Набий саллалоҳу алайҳи васаллам: “Мусулмон кишининг саодати кенг маскан, солиҳ қўшни ва яхши уловдадир” деганлар.

Шариат нуқтаи назардан ўнг томондан, чап томондан , олд томондан ва орқа томондан қирқта хонадон қўшни ҳисобланар экан ва уларда қўшнилик ҳаққи бўлар экан.

Исломда қўни-қўшниларнинг ҳақлари тўртта бўлиб улар: қўшнига азият бермаслик, қўшнини ёмонликлардан ҳимоя қилиш, уларга доимо яхшилик қилиш, қўшнидан етадиган азиятларга сабрда бўлиб, улар билан яхши қўшничилик қилишдир.

Абу Шурайҳ Хузоъийдан ривоят қилинади: “Набий саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган бўлса, қўшнисига яхшилик қилсин. Ким Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган бўлса, меҳмонига икром кўрсатсин. Ким Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган бўлса, яхши гап айтсин ёки жим турсин”, дедилар”.

Қўшнига яхшилик қилиш Аллоҳга ва қиёмат кунига иймон келтирган кишининг сифати, белгиси, аломати экан. Ким Аллоҳга иймон келтирган бўлса, қиёмат кунидан умидвор бўлса, қўшнисига яхшилик қилиши лозим экан. Қўшнига яхшилик қилиш унинг ҳожати тушган ишларга ёрдам бериш ва ундан ёмонликларни даф қилиш билан бўлади. Унга озор берилмайди. Қўшнига очиқ юзли бўлиш, ширин сўз бўлиш, таом бериш каби ишлар билан икром кўрсатилади. Яхши қўшничилик аломатларидан баъзилари унга муҳтож бўлганда қарз бериш, бемор бўлса, бориб кўриш, таъзиясида иштирок этиш, хурсанчилигини табриклаш, уй қурганда деворини баланд қилиб юбормаслик каби ишларда ҳам қўшничилик ҳақларидан ҳисобланади.

Аллоҳ таоло барчаларимизни қўшниларга яхшилик қиладиган ва уларнинг ҳақларидан риоя қиладиган бандалардан қилсин.

  

Абдуғаффор МУҲАММАДИЕВ
Ховос тумани бош имом-хатиби.

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan