Хайр- эҳсон фазилатлари

Ислом дини таълимотида инсонларга эҳсон ва садақа қилиш ҳақида муфассал йўл йўриқлар кўрсатилган. Аллоҳ таоло сахийликни инсонларнинг энг яхши фазилатларидан санаб, сахий кишиларга охиратда улкан ажр- савоблар бўлиши хабарини берган. Садақа, яъни закот бериш, сиртдан қарасак молнинг озайишига олиб келганга ўхшаб туюлса ҳам, аслида Аллоҳ таоло садақаси (закот) берилган молни баракали қилиб қўяди. Садақани фақат пул ё мол сарфлаш деб тушунмаслик керак. Мўмин бандадан содир бўладиган ҳар бир яхшилик, шариатга мувофиқ ҳар бир эзгу амал садақадир.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан “Садақанинг қайси бири афзал?” деб сўралди. Шунда у киши: “Сув (улашиш). Ахир дўзах аҳли жаннат аҳлидан ёрдам сўраганларида «Бизга ҳам сувдан ёки Аллоҳ сизга ризқ қилиб берган нарсадан тўкинглар», дейишган” дедилар.

Али розияллоҳу анҳу дедилар: “Аллоҳ кимга мол берган бўлса, у ўша мол ила қариндошларига силаи раҳм қилсин! Уларга зиёфатни чиройли қилиб берсин! Ўша мол билан қийналганлар, асирлар, йўловчилар, мискинлар, фақирлар ва Аллоҳ йўлида жидду жаҳд қилаётганларга ёрдам берсин! Чунки, мана шу хислатлар сабабли дунёда ҳурматга, охиратда шарафга етилади”.

Фузайл ибн Иёз раҳимаҳуллоҳ “Сўровчилар бунча ҳам яхши. Бизнинг юкимизни йўл ҳақи олмай охиратга олиб бориб, ҳатто Аллоҳ таолонинг ҳузуридаги мезонга қўядилар” дедилар.

Қилаётган хайр-садақаларимизни Аллоҳ таоло ижобат қилиб, барчамизни турли офат-балолардан асрасин!

Х.МАМАДАЛИЕВА
Сайхунобод туман отинойиси

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan