ПОРАХЎРЛИК ТАРАҚҚИЁТ КУШАНДАСИ

Бугунги кунда, порахўрлик шунчалар кенг илдиз отиб кетдики, ҳатто баъзи мансабдорлар учун маошларидан ҳам катта даромад манбаи, баъзи ширкатлар дастурларининг эса кўринмас банди-моддасига айланиб қолди. Кўп ишлар, муомалалар порасиз бошланмайдиган ва усиз битмайдиган бўлиб қолди. Камбағаллар бундан улкан зарарлар кўришмоқда. Пора кўп одамларни виждонидан айириб, муносабатлар бузилишига сабаб бўлмоқда.

Поранинг истилоҳдаги маъноси «ал-Мисбоҳ»да айтилганидекдир. Абу Наср ал-Бағдодий раҳимаҳуллоҳ «Шарҳ ал-Қудурий»да: «Пора билан совғанинг фарқи пора унга ёрдам берилиши учун берилади, совғада эса бундай шарт бўлмайди», деб эслатиб ўтганлар.

Пора олиш Қуръон ва суннат ҳамда ижмоъга кўра ҳаром. Қуръондаги оятга келсак, Аллоҳ таолонинг сўзи бор: «Ораларингиздаги моллларингизни ботил (йўллар) билан еманглар!». Босқинчилик, судхўрлик, қимор каби ботил, бекор ва пуч нарсага шариат рухсат бермаган. Аллоҳ таоло бундай деган:

«Мол (ва бойлик)ларингизни ўрталарингизда ботил (йўллар) билан емангиз! Шунингдек, била туриб, одамларнинг ҳақларидан бир қисмини гуноҳ йўли билан ейиш (ўзлаштириш) мақсадида уни ҳокимларга ҳавола этмангиз!» (Бақара, 188).

Ал-Буқоъий раҳимаҳуллоҳ «ал-Муносабот» асарида «ва тудлу» сўзини: «Ҳокимларга махфий ҳолатда умумий пора билан ишларни ўзингизнинг фойдангиз тарафига буриш учун бера кўрманглар!» дея ифодалаганлар.

Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Пора берганга ҳам, уни олганга ҳам Аллоҳнинг лаънати бўлсин” (Ибн Можа ривояти).

Ҳадисдан маълум бўладики, Расулуллоҳ саллоллоҳу  алайҳи васаллам пора берганни ҳам уни олганни ҳам бирдек лаънатламоқдалар. Расулуллоҳ саллоллоҳу  алайҳи васалламнинг лаънатлари жуда оғир жазодир. Чунки, лаънат бировнинг Аллоҳнинг раҳматидан узоқ бўлишини сўрашдир. Аллоҳнинг маҳбуб Расули Аллоҳдан сўраган нарса бўлмай қолмаслиги ҳаммага маълум.

Абу Хумайд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган: «Пайғамбар саллоллоҳу алайҳи васаллам асадлик Ибн Лутбийята деб аталадиган кишини закотга омил қилдилар. Бас, у (қайтиб) келганда, мана бу сизларга, мана бу эса менга ҳадя қилинди, деди. Шунда Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам минбарда туриб хутба қилдилар; Аллоҳга ҳамду сано айтдилар ва: «Мен юборган омилга нима бўлдики, мана бу сизларга, мана бу эса менга ҳадя қилинди, дейди! Агар у отасининг ёки онасининг уйида ўтирганида кўрарди, унга ҳадя берилармикин ёки берилмасмикин! Муҳаммаднинг жони қўлида бўлган зот ила қасамки, сиздан кимки ўшандан бирор нарса олса, албатта қиёмат куни уни бўйнида кўтариб келади. Туя бўлса пишқириб, сигир бўлса бўкириб, қўй бўлса маъраб туради, дедилар. Сўнгра икки қўлларини кўтардилар, хаттоки қўлтиқларининг оқларини кўрдик. Сўнгра икки марта: «Аллоҳим! Етказдимми?!» дедилар. Учовлари ривоят қилган. Ушбу ҳадиси шарифда пора олиш ҳаром эканлиги ҳақида сўз кетмоқда. Аммо, бу ҳукм қоғоздаги ёки қонун чиқарувчи томоннинг қуруқ гапи эмас, бошқа Исломий ҳукмлар каби ҳаётий тажрибага йўғирилган ҳолда, татбиғига аралашган ҳолда содир бўлмоқда. Бу эса, Ислом ҳукми қуруқ хаёл ёки турли фаразлардан холий, ҳаётий тажрибалар ила тасдиқланган воқеъий ҳукм эканлигига ёрқин далилдир. Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам Бани Асад қабиласига мансуб Ибн Лутбийята исмли кишини омили садақа-закот олувчилик вазифасига таъйин қилдилар. Амалдор бўлиб олган Ибн Лутбийята розияллоҳу анҳу ўз иш жойларига, закотини йиғиб олиши лозим бўлган диёрга жўнаб кетдилар. Маълум вақт ўтиб, ишни бажариб қайтиб келдилар. Йиғиб келган закотни хазина-байтул молга, мана бу сизларга, деб топширдилар. Аммо, у кишининг ҳузурида топширилган молу-мулкдан ташқари яна баъзи нарсалар қолди. Ибн Лутбийята розияллоҳу анҳу ўша қолган нарсалар нима эканлигини баён қилиб, мана бу эса, менга ҳадя қилинди, дедилар. У кишининг фикрича, ҳадя олишга ҳақлари борлигидан ана шундоқ тасарруф қилдилар. Биров ўз кўнглидан чиқариб берганидан кейин бўлаверадида. Закотни тўлиқ олиб келиб топширилган бўлса, ҳадяни мол эгаси ўз ихтиёри билан берган бўлса, нима учун олмасин?! Ҳар бир жамиятда, ҳар бир тузумда, ҳар бир шахс худди шундоқ ўйлайди. Аммо, Исломда ундоқ эмас. Шунинг учун ҳам, Аллоҳнинг элчиси, Муҳаммад Мустафо саллоллоҳу алайҳи васаллам Ибн Лутбийята розияллоҳу анҳунинг мазкур гапларини эшитишлари билан дарҳол ўринларидан турдилар ва минбарга чиқиб кўпчиликка бу ҳақдаги илоҳий ҳукмни баён қилишга ўтдилар.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда эса Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ҳукм чиқаришда пора берган ҳам, олган ҳам Аллоҳнинг лаънатига йўлиқади”, деб огоҳлантирганлар (Имом Аҳмад ривояти)

Ўткир МАМУРОВ
Ховос тумани «Аҳмадхўжа»
жоме масжиди имом–хатиби

 

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan